Skip to main content
Yangiliklar

Жасур Яхшибоев Беларус чемпионига айланди

By 28.11.2020No Comments

Бугун футбол бўйича Беларус чемпионати якунланди. Таъкидлаш керак, жорий мавсум ушбу чемпионатда уч нафар ҳамюртимиз фаолият олиб борди ва шу боис юртдошларимиз орасида Беларус чемпионатига бўлган қизиқиш ҳам ортиб кетди.

Жумладан, миллий терма жамоамизга номзод футболчи Жасур Яхшибоев учун Беларусдаги жорий йилги фаолияти муваффақиятли якунланди.

Ушбу мамлакат олий лигасини кузатаётган мухлису мутахассисларнинг эътибори сўнгги турда асосан икки ўйин – «Шахтёр» – «Минск» ҳамда «Динамо-Минск» – БАТE учрашувига қаратилди.

Солигорскдаги учрашувда «Минск» жамоаси мезбонларни анчагина қийнади. Меҳмон жамоа учрашув давомида икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Бироқ, Жасур Яхшибоев тўп тепаётган «Шахтёр» жамоаси ғалабага бўлган иродасини намойиш этди ва 90-дақиқада Роман Бегунов томонидан киритилган тарихий гол эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди – 3:2. Учрашувга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса Артём Архипов меҳмонлар дарвозасини яна бир бор ишғол қилди ва якуний ҳисоб – 4:2. «Шахтёр» чемпион!

«Шахтёр»нинг бахтига шу куни «Динамо-Минск» БАТE билан жанговар дуранг қайд этди – 0:0.

Чемпионат якунига кўра, «Шахтёр» очколари сонини 59 тага етказиб, БАТEдан бир очкога ўзиб кетди. Шу билан бирга жамоа Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини ҳам қўлга киритди.

Биз учун аҳамиятли жиҳати, Жасур Яхшибоев легионер сифатида Беларус чемпионлигини қўлга киритди. Қолаверса у мавсум давомида 16та гол киритган ҳолда тўпурарлар баҳсида 2-ўринни эгаллади.

Чемпионлик муборак бўлсин, Жасур!

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати