Skip to main content
Yangiliklar

Узоқ кутилган натижа: сузувчимиз Олимпиада нормативини бажарди!

By 26.11.2020No Comments

Хабар берганимиздек, бугун пойтахтимиздаги “Саховат” сув спорти марказида сузиш бўйича Ўзбекистон кубоги старт олди. Унда Қирғизистон ва Чехия давлатидан ташриф буюрган спортчилар ҳам баҳс олиб боришмоқда.

Халқаро сув спорти турлари федерацияси мазкур мусобақага лицензион турнирлардан бири мақомини бергач, унда Олимпиада нормативини бажарган спортчилар Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритишлари мумкин. Қувонарлиси, бугун бўлиб ўтган биринчи кун баҳслариёқ жамоамиз учун муваффақиятли ўтди.

100 метрга эркин усулда сузиш баҳсининг ярим финалида Хуршид Турсунов 48:36 сония натижа қайд этди. Якунда ҳамюртимиз мусобақа ғолиблигини қўлга киритиш билан бирга Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари нормативини ҳам бажарди. Ушбу масофада Олимпиада нормативи 48.57 сонияни ташкил этар эди.

Таъкидлаш жоиз, мусобақадан сўнг Халқаро сув спорти турлари федерацияси FINA ушбу натижани тасдиқлагач, ҳамюртимиз расман Токио Олимпиадаси лицензиатига айланади.