Skip to main content
Yangiliklar

Ҳудудларда спорт туризмини ривожлантиришга келишиб олинди

By 12.11.2020No Comments

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларининг бошлиқлари ҳамда ҳудудлардаги Туризмни ривожлантириш департаментларининг мудирлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ташриф буюрди.

Бу ерда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов меҳмонларни вазирликда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирди. Шундан сўнг Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг структураси ва фаолият йўналиши борасида вазир ўринбосари Нодир Муротов маълумот берди.

Мамлакатимиз спортчиларининг 2021 йил Токиода бўладиган XXXII ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёни, қўлга киритилган лицензияларимиз сони, олдинда турган мусобақалар ҳамда уларда яна қанча атлетимиз Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга чиқиши мумкинлиги борасида вазирлик бошқарма бошлиғи М.Раҳматхўжаев ҳамда бош мутахассис А.Низаметдиновларнинг ҳисоботи тингланди.

Ўз навбатида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакилларига Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган ва йўлланмалар учун кураш олиб бораётган спортчиларнинг ижтимоий ҳолатини доимий назоратга олиш, улар шахсий муаммоларига чалғимасдан фақат спорт ҳақида ўйлашларини таъминлаш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Шунингдек, ўзаро мулоқот чоғида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ходимларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, аҳоли орасида оммавий спортни янада кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар юзасидан бошқарма бошлиғи ўринбосари Ж.Йўлдошев маълумот берди.

Ташриф якунида меҳмонлар ўз ҳудудларида спорт туризмини ривожлантиришнинг истиқболлари борасида ўзаро фикр алмашди ва бу борада Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини билан амалий ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.

Шу куни меҳмонлар пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейига ҳам ташриф буюришди. Ташрифдан кўзланган мақсад, меҳмонларни Ўзбекистон спортчиларининг жаҳон ареналарида қўлга киритган ютуқлари ҳамда Олимпия ўйинлари тарихи билан яқиндан таништиришдан иборат эди. Таъкидлаш керак, ўзбек спортининг шонли тарихи акс этган экспонатлар меҳмонларда ижобий таассурот қолдирди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати