Skip to main content
Yangiliklar

Тошкентда «Мамлакат билан бирга югур» шиори остида халқаро югуриш марафони ўтказилади

By 27.11.2020No Comments

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мажлислар залида жорий йил 6 декабрь куни пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилган «Наврўз» халқаро марафонига бағишланган брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев, II Тошкент халқаро марафони директори, халқаро эксперт Борис Жгир ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Хабарингиз бор, II Тошкент халқаро марафони 22 март куни бўлиб ўтиши керак эди, аммо коронавирус пандемияси бошланиши муносабати билан ушбу тадбирни кейинга қолдирилган эди.

— Юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу марафон ана шу ҳаракатнинг амалий натижаси. Ноябрь ойида Самарқандда ярим марафон ўтказган эдик. Иккинчи бор ўтаётган Тошкент марафони ҳам кўплаб давлатлар вакиллари томонидан катта қизиқиш билан кузатиляпти. Режалаштирилганидек, марафон эркаклар ва аёллар ўртасида иккита масофада ташкил этилади. Булар узунлиги 42 км 195 м бўлган классик ҳамда узунлиги 21 км 97,5 метрни ташкил этадиган ярим марафондан иборат, шунингдек, онлайн тарзда иштирокчилар 3 км масофага югуришади. Марафон масофаси World Athletics (Жаҳон енгил атлетика федерацияси)нинг жамоавий аъзоси бўлган AIMS (Халқаро узоқ масофа ва марафонлар ассоциацияси) томонидан сертификатцияланган, – деди Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов.

— Ушбу марафонда қайд этилган кўрсаткич Олимпиада учун йўлланма бериши билан ҳам эътиборлидир. Шунинг учун спортчиларимизда ҳам қизиқиш катта. Лицензия учун кураш марафоннинг томошабоплигини янада оширади, – дейди МОҚ Бош котиби О.Касимов.

Югуришнинг старт-финиш чизиғи Афросиёб ва Бешёғоч кўчаларининг кесишувида, “Humo Arena” муз саройида жойлашган. Марафон ва ярим марафон иштирокчиларининг ёши 18 ёшдан катта бўлади. 3 км масофадаги пойга иштирокчиларининг ёши чекланмаган. Ҳар бир иштирокчига вақт ўлчов чипли индивидуал рақам берилади ва махсус транспондер тизимидан фойдаланилади, шу туфайли унинг масофани босиб ўтган вақти қайд қилинади. Масофаларда вақт чеклови белгиланган бўлиб, спортчилар ушбу вақт давомида масофани босиб ўтишлари шарт.

Тадбирдан кўзланган мақсад – юртимиз аҳолиси ва меҳмонлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, югуришни оммавийлаштириш, халқлар ўртасида дўстона алоқалар ва спорт туризмини ривожлантириш, мамлакатнинг энг кучли марафончиларини аниқлашдан иборат.

II Тошкент халқаро марафонида 1-ўрин соҳиби 30 миллион, 2-ўрин эгаси 20 миллион, маррага учинчи бўлиб етиб келган спортчи 10 миллион, ярим марафонда эса тегишлилиги бўйича 12 миллион, 10 миллион ва 8 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланади.