Skip to main content
Yangiliklar

Спортимиз мутасаддиларидан стол тенниси бўйича ўзига хос мастер–класс ёхуд «шахсий намуна» эффекти

By 28.11.2020No Comments

Бугун пойтахтимиздаги Ўзбекистон бадминтон федерациясига қарашли Бадминтон марказида оммавий ахборот воситалари ҳамда турли вазирлик, идора ва йирик корхона-ташкилотларнинг матбуот хизмати вакиллари иштирокида «Дўстлик спартакиадаси» спорт мусобақаси бўлиб ўтди.

Матбуотчиларнинг ўзига хос спорт байрамига айланиб кетган спартакиадада республикамизда фаолият юритаётган 150 нафарга яқин журналистлар, матбуот хизмати ва ОАВ ходимлари спортнинг бадминтон, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича ўз маҳоратларини синаб кўришди.

Спартакиада ўйинларини томоша қилиш учун ташриф буюрган Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов мусобақанинг ўтказилиш жараёни, иштирокчилар учун яратилган шароитлар ва уларнинг кайфиятлари билан қизиқди.

Учрашув давомида МОҚ раиси ҳамда вазир ўринбосари ОАВ ходимлари учун стол теннисидан ўзига хос маҳорат сабоғини тақдим этиб беришди. Шу билан бирга ҳар икки ташкилот мутасаддилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида ҳафтанинг шанба кунлари соат 14:00дан кейин спорт мусобақалари ташкил этилишига эътиборни янада кучайтиришга келишиб олди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати