Skip to main content
Yangiliklar

Соғлом турмуш тарзи тарғиботи кенгаймоқда

By 29.11.2020No Comments

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сон Фармони ижросини таъминлаш доирасида бир қатор давлат идоралари ўз ходимлари ўртасида спорт мусобақаларини ташкил қилишдек чиройли анъана йўлга қўйишди. Ана шундай турнирлардан бири Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори соврини учун ташкил этилди. Мазкур мусобақадан кўзланган мақсад табиийки ходимлар саломатлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Унда агентлик ходимлари мини футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишмоқда. Режага кўра мини футбол баҳслари 4-5 декабрь кунлари ўтказилади. Айни пайтда бошқа йўналишда барча ғолиб ва совриндорлар номи аниқлаб олинди. Ўзбекистон шахмат федерациясида бўлиб ўтган шахмат ва шашка беллашувлари ҳам ўзининг қизғин ўтгани билан ажралиб турди. Беллашувларни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борди. Бир-биридан қизиқарли кечган баҳслар якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Таъкидлаш жоиз, ушбу мусобақа 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни арафасида ташкил этилаётган медиа ҳафталик доирасида ўтказилмоқда.