Маълумки, бугунги кунда юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини жадал ривожлантириш, айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб этиш, юқори малакали спортчиларни тайёрлаш борасидаги вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сонли фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Унга кўра мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус, олий ўқув юртлари ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш алоҳида белгилаб ўтилган.
Мазкур фармон асосида илк маротаба Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида мактабгача таълим муассасаларини болакайларнинг спорт билан шуғулланишлари учун замонавий Беговеллар (болалар учун педалсиз велосипедлар) билан таъминлаш, “Ўзбекистонда биринчи болалар велопойгаси”ни ўтказиш бўйича Меморандум имзоланди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, мамлакат велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори Жон Макгрегор иштирок этишди. Расмийлар янги ташаббуснинг мамлакатимизда оммавий спорт тарғиботи йўлида қанчалик муҳим аҳамият касб этиши, унинг ўрни ҳақида илиқ фикрларини билдириб ўтишди. Шундан сўнг ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур Меморандумдан кўзланган асосий мақсад – ёш болаларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароит яратишни кенг йўлга қўйган ҳолда республикамизнинг барча ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларини босқичма-босқич Беговеллар билан таъминлаш, томонлар ўртасида ўзаро самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун замин яратиш, бугунги кунда юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширишдан иборат.