Skip to main content
Yangiliklar

Рустам Шоабдураҳмонов: “Мағлубият кайфиятини йиғиштиринг”

By 28.11.2020No Comments

Хабарингиз бор, айни кунларда пойтахтимиздаги “Саховат” сув спорти марказида сузиш бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги бўлиб ўтмоқда. Бугун ушбу беллашувларни кузатиш ва унда терма жамоамиз вакилларига омад тилаш мақсадида Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов мусобақа ўтаётган аренага ташриф буюришди.

МОҚ раиси суҳбат аввалида турнирнинг биринчи кун доирасида Олимпиада нормативини бажарган Хуршид Турсуновни қутлаб ўтди. Шундан сўнг терма жамоанинг қолган иштирокчилари билан самимий ва ўрни келганда танқидий суҳбатлашди.

“Мана сузишда ҳам худо хоҳласа, илк лицензия нақд. Сизлар ҳам ўз орзуларингизни амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилинг. Айримларингизда рақиблардан чўчиш аломатлари сезилиб турибди. Бундай мағлубият кайфиятини йиғиштиринг. Сизлар ҳам ўша даражага чиқишингиз мумкин. Бунинг учун МОҚ ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Сизларга барча шароитларни яратиб беришга тайёр”, – деди МОҚ раҳбари.

Учрашув давомида Рустам Шоабдураҳмонов мусобақада иштирок этаётган Чехия ва Қирғиз Республикаси вакиллари билан учрашиб, уларга омад тилаб ўтди.

Маълумот учун, бугун мусобақанинг тўртинчи кун беллашувлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу кун дастурида Владислав Мустафин, Наталья Критинина каби терма жамоамизнинг етакчи спортчилари медаллар учун кураш олиб бориши кутилмоқда.