Skip to main content
Yangiliklar

Нигора Абдуллаева – ўсмирлар ўртасида Жаҳон кубоги ғолиби

By 14.11.2020No Comments

Перу марказлигида ўтаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон кубоги баҳсларида яна бир ҳамюртимиз яққол устунлик билан вазифани бажариб, олтин медалга сазовор бўлди.

Қизлар ўртасида 55 кг вазн тоифасида ўтказилган беллашувларда иштирок этган Нигора Абдуллаева даст кўтариш машқида асосий таъқибчисидан 6 кг га ўзиб кетди – 84 кг. Олтин медаль. 2-ўринни филиппинлик Розеги Рамос (78 кг) эгаллаган бўлса, уч уринишдан фақат биттасини бажара олган польшалик Малгарзота Миякнинг (75 кг) натижаси бронза медали учун кифоя қилди.

Силтаб кўтариш машқида супачага чиққан Нигора бу сафар 104 кг тошни ўзига бўйсиндира олди. Иккинчи олтин. Мусобақа мезбони вакили Виктория Буиртон ундан 5 кг кам тош буюртма бериб, 99 кг билан кумуш медалга сазовор бўлди. Розеги Рамос эса 98 кг лик натижа кўрсатиб, бу сафар 3-поғонада қолди.

Шубҳасиз, иккикураш якунига кўра ҳам вакиламиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Нигора Абдуллаеванинг натижаси анча сезиларли фарқ билан олдинда эди – 188 кг. Кумуш медаль Розеги Рамосга (176 кг), бронза эса Виктория Буиртонга (172 кг) насиб этди.

Эслатиб ўтамиз, кеча ҳамюртимиз Ҳусенбой Матрасулов ҳам 55 кг гача бўлган вазн тоифасида иштирок этиб, даст кўтариш машқида фахрли 1-ўринни эгаллаган эди.

 

olympic.uz