Skip to main content
Yangiliklar

МОҚ раҳбарияти нигоҳида сув спорти турлари ва камондан отиш федерациялари

By 20.11.2020November 21st, 2020No Comments

Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти Олимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларимиз фаолияти билан янада яқиндан танишмоқда. Бугун мутасаддилар Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб интернатига ташриф буюриб, бу ерда ўқув-машғулот йиғинини ўтказаётган сузиш ва камондан отиш бўйича терма жамоамиз вакиллари билан учрашишди.

Тадбирда МОҚ раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Шерзод Ташматов, МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Музаффархўжа Раҳматхўжаев ва МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб Ўзбекистон сув спорти турлари федерацияси раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар билан суҳбат ўтказилди. Қайд этиш жоиз, айни дамда вакилларимиз келаси ҳафта пойтахтимизда старт оладиган лицензион мусобақага ҳозирлик кўришмоқда. Шерзод Ташматов учрашув давомида терма жамоамизнинг асосий вакиллари билан алоҳида суҳбатлашиб, уларнинг мусобақага тайёргарлиги ҳақида гаплашди. Ўз навбатида, федерация бош котиби Алишер Ғаниев лицензион мусобақа олдидан қўйилган режалар, кутилаётган натижалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар барча соҳаларга чуқур кириб бормоқда. Шу жумладан, спортга ҳам. Жаҳонда янада рақобатбардош жамоа бўлиб шаклланишимиз учун биз Сизларнинг хизматингиздамиз. Спортчиларимизнинг Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олишлари учун нима шароит керак бўлса, яратиб берамиз”, – деди Шерзод Ташматов.

Таъкидлаш жоиз, бугунги учрашувларда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Республика Олимпия захиралари мактаб интернати ва тегишли спорт мактаблари раҳбарияти ҳам иштирок этишди.

Шундан сўнг камондан отиш бўйича терма жамоамиз вакиллари билан мулоқот олиб борилди. Суҳбат давомида жамоамизнинг Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олиш имкониятлари, шунингдек, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик режалари бўйича ҳам атрофлича фикрлар билдирилди.

Ҳозирда бор эътиборимиз келаси йил июнь ойида Парижда ўтиши режалаштирилган лицензион мусобақага қаратилган. Тўғри, жаҳон миқёсда жамоавий йўналишда ўтадиган лицензион турнирда йўлланма олиш қийин вазифа. Бироқ жамоамиз билан оптимистик руҳият билан тайёрланмоқдамиз. Бу борада бизга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Шу боис ўз режамиз бўйича ишласак, керакли пайтда жисмоний ва руҳий тайёрлана олсак, мақсадимизга ета оламиз”, – деди терма жамоамизнинг грузиялик мураббийи Владимер Леквеишвили.