Skip to main content
Yangiliklar

Мирободда спортсевар оилалар ўзаро мусобақалашди

By 20.11.2020November 21st, 2020No Comments

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига бир қатор манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда аҳоли, хусусан оилалар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи!» спорт мусобақаларини ташкил этиш вазифаси ҳам юклатилган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида кеча Миробод туман хокимлиги, туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда Миробод тумани 1-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида «Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи» шиори остида спорт мусобақаларини ташкил қилди. Унда тумандаги «Чинор», «Юксалиш», «Янги Қўйлиқ» ҳамда «Зиёнур» маҳаллаларида истиқомат қилувчи спортсевар оилалар ўзаро мусобақалашди.

Қизғин, муросасиз ва энг муҳими, дўстона руҳда ташкил этилган мусобақалар якунига кўра 1-ўринни «Зиёнур» маҳалласи номидан қатнашган Камоловлар оиласи қўлга киритган бўлса, 2-ўрин «Юксалиш» маҳалласида яшовчи Умаровлар оиласига насиб этди. 3-ўринни эса «Чинор» маҳалласидан Акбаровлар оиласи эгаллади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек спорт мусобақаси иштирокчилари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги 

Матбуот хизмати