Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Гулсанам Алижонова: “Олтин медалимни онамга бағишлайман”

By 30.11.2020No Comments

24-29 ноябрь кунлари таэквондо WT бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда -73кг вазн тоифасида Гулсанам Алижонова барча рақибаларидан устун келиб чемпионликка эришди. Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати Гулсанам Алижонова билан интервью ташкил этди.

– Гулсанам, аввало чемпионлик муборак бўлсин! Ўзбекистон чемпионатига тайёргарлик қандай кечди?
– Табрик ва эътибор учун катта раҳмат. Тайёргарлик аъло даражада ўтди. Менга ёрдам берган мураббийлар ва миллий терма жамоамиз аъзоларига раҳмат айтаман. Уларнинг тажрибаси мусобақа давомида менга шубҳасиз ёрдам берди.

– Биринчи марта мамлакат чемпиони бўлдингиз. Олтин медални қабул қилиб олганда ичингизда қандай ҳиссиётлар ўтди?
– 2018 йилги мамлакат чемпионатида совриндор бўлгандим, Яратганга шукур бу йил Ўзбекистон чемпиони бўлдим. 2018 йил таэквондога кириб келганимда чемпионларимизнинг эришган ютуқларини кўриб уларга ҳавас қилардим. Ушбу олтин медалимни онамга бағишлайман, сабаби чемпион бўлишимда уларнинг ўрни беқиёс.

– Ўзбекистон чемпионати ташкилотчилиги ҳақида қандай фикрдасиз?
– Барчаси аъло даражада ўтди. Халқаро мусобақаларга борган таэквондочиларнинг айтишича ташкилотчилик савияси айнан ўша мусобақалардек экан. Спортга алоҳида эътибор қаратаётган юртбошимизга, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раҳбари Шерзод Риҳсибоевичга миннатдорчилик билдираман.

– Таэквондодаги биринчи мураббийингиз ким бўлгани ўқувчиларимиз учун қизиқ…
– Биринчи мураббийларим Холмурод ва Маъмуржон Нозимовлар. Уларга ҳам шу ўринда миннатдорчилик билдираман.

– Спортдаги энг олий орзуингиз қайси?
– 2024 йил Парижда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш ва олтин медални қўлга киритиш!

Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати