Skip to main content
Yangiliklar

Гимнастикада Пекин-2008даги муваффақиятни такрорлай оламизми?

By 27.11.2020No Comments

Спортимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бундан 10-12 йил аввал гимнастика спортида ўзига яраша олтин авлод етишиб чиққан эди. Бунинг исботи сифатида Пекин-2008 ёзги Олимпия ўйинларида қўлга киритилган 2 та бронза медалларини мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин. Энди қачон гимнастикачиларимизни Олимпиада шоҳсупасида кўрамиз? Келажакда Оксана Чусовитина, Екатерина Хилько ва Антон Фокиннинг ўрнини боса оладиган даражадаги авлодни етиштира оламизми? Бугун МОҚ раҳбариятининг спорт гимнастикаси бўйича терма жамоамиз билан ўтказган учрашувида шу ва бошқа саволлар устида атрофлича фикр алмашилди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари в.б. Шерзод Ташматов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси в.б. Руслан Мустаев, шунингдек, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

Айни пайтда делегациямиз ҳисобида спорт гимнастикаси бўйича 2 та лицензия мавжуд. Бадиий гимнастикадан эса қизларимиз лицензион мусобақага ҳозирлик кўришмоқда. Учрашувнинг кун тартибидан терма жамоамиз учун иқтидорли ёшларни саралаб олиш, уларни Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш каби масалалар ҳам ўрин олиб, бу борада федерация мутасаддилари ва мураббийлар штаби билан атрофлича гаплашиб олинди.

МОҚ раҳбари спортчилар билан суҳбатлашар экан ҳукуматимиз томонидан спортнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, олдинга катта мақсадларни қўйиб, уларни амалга ошириш учун биргаликда ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида гапириб ўтди.