Гандбол бўйича эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг 3-тур ўйинларига Хоразм вилояти мезбонлик қилмоқда.
Шу муносабат билан айни кунларда Хоразм вилоятида бўлиб турган Ўзбекистон гандбол федерацияси бош котиби Исмоил Матхолиқов, Спорт ўйинлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби инструктор-методисти Саидхон Бойхўжаев ҳамда терма жамоа бош мураббийи Зафар Азимов Урганч туманидаги 19-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюрди.
Меҳмонлар бу ерда гандбол спорти билан шуғулланаётган ёш спортчилар билан учрашиб, ёшларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Таъкидлаш керак, ушбу мактаб ўқувчилари мунтазам равишда Республика мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Бугунги кунда ушбу таълим масканида ташкил этилган гандбол секцияларида шуғулланаётган спортчи ёшлар орасидан терма жамоага муносиб номзодлар етишиб чиқмоқда. Учрашув ўзига хос савол-жавоб тарзида бўлиб ўтди ва ёш спортчилар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олдилар.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон гандбол федерацияси мутасаддилари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шу каби ўрганишларни олиб боришни режалаштиришган.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати