Skip to main content
Yangiliklar

«Чарм тўп» футбол мусобақасида иштирокчиларнинг имконияти ортади…ми?!

By 03.11.2020No Comments

Бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида футбол бўйича маҳалла ёшлари ўртасида ўтказиладиган «Чарм тўп-2020» футбол мусобақасининг Республика Ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир видеоселектор тарзида ташкил этилиб, уни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов олиб борди.

Таъкидлаш керак, бу йилги «Чарм тўп» мусобақаларида ўтган йилгидан фарқли ўлароқ 15-16 ёшли ўсмирлар ғолиблик учун баҳс олиб боришади. Мусобақанинг якуний Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри минтақаларида ғолибликни қўлга киритган 14та энг кучли маҳалла жамоалари иштирок этади.

«Чарм тўп-2020» футбол мусобақасининг Республика босқичи гуруҳ шаклида ўтадиган бўлди, негаки олис йўл босиб келган жамоалар битта ўйинда ютқазишиб, ортларига равона бўлмайди. Аввалига иштирокчи жамоалар қуръа ёрдамида 4та гуруҳга тақсимланади, ўз гуруҳларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар эса ярим финалга йўл олади.

Ишчи гуруҳ йиғилишида бу йилги мусобақани карантин қоидаларига мувофиқ ташкил этиш, қолаверса Тошкентга келаётган жамоалар ҳам жамоат транспортларида карантин қоидаларига қатъий амал қилиши кераклиги уқтирилди. Шунингдек, йиғилишда яна бир қатор масалалар муҳокама қилиниб, ўз ечимини топди.

Эслатиб ўтамиз, «Чарм тўп-2020» мусобақаларининг гуруҳ босқичи ҳамда ярим финал ўйинлари 6-8 ноябрь кунлари Тошкентдаги «Бунёдкор» футбол академияси майдонларида ташкил этилса, 9 ноябрь куни бўладиган финал ўйинига «Миллий» стадион мезбонлик қилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати