Skip to main content
Yangiliklar

Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича жаҳон чемпионатида икки нафар ҳамюртимиз олтин медалга сазовор бўлди

By 21.11.2020No Comments

Хабар берганимиздек, шу кунларда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида спортнинг баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш тури бўйича ёшлар, катталар ва фахрийлар ўртасида Осиё очиқ чемпионати ҳамда жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда.

24 ноябрга қадар давом этадиган ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг 30 давлатидан 300 нафардан ортиқ спортчи ўз омадини синаб кўришади. Санкт-Петербургдаги мусобақада ватанимиз шарафини миллий терма жамоа аъзоларидан Воҳиддин Нажмиддинов, Ёдгорой Нажимова, Жавоҳир Қурбонов ҳамда Асадбек Ўзгамовлар ҳимоя қилишяпти.

Кеча ёшлар ўртасидаги мусобақаларда Ёдгорой Нажимова бронза медалига сазовор бўлган эди. Бугун эса яна икки спортчимиз Ўзбекистон ҳисобига жами 4та медал қўшиб қўйишди, шундан иккитаси олтин медаллардир.

Жумладан, -78 кг вазн тоифасидаги беллашувларда ҳамюртимиз Жавоҳир Қурбонов профессионал йўналишда олтин медалга сазовор бўлди. У 24 килолик тошни 10 дақиқа ичида даст кўтариш машқида 170 марта, силтаб кўтаришда 93 бор, иккикурашда 263 маротаба кўтаришга муваффақ бўлди. Шунингдек, Жавоҳир узун циклда ҳам совриндор бўлди, яъни кумуш медални қўлга киритди.

Бироз аввал -68 кг вазн тоифасида Асадбек Ўзгамов узун циклда энг яхши натижа кўрсатди ва олтин медаль билан тақдирланди. Иккикурашда эса Ўзгамов бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа бугун якунланган баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 90 балл билан 2-ўринни қўлга киритди. Норасмий умумжамоа ҳисобида мусобақа мезбони – Россия терма жамоаси 110 балл билан 1-ўринга сазовор бўлди. Кучли учликни 70 балл билан Латвия терма жамоаси якунлаб берди.

Эртага фахрийлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари бошланади. Унда ватанимиз шарафини Воҳиддин Нажмиддинов ҳимоя қилади.

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати