Skip to main content
Yangiliklar

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Равшан Эрматов Саудия Арабистонининг фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди

By 23.10.2020No Comments

Жорий йил 23 октябрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Хишам Мешаал Сувайлем ал-Сувайлем бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Сир эмас, спорт аввало миллатлар ва элатлар ўртасида маданий хилма-хиллик, давлатлараро ва маданиятлараро мулоқот ривож топиши, миллий меросни сақлаш, ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали жамиятни барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ўзаро дўстона алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда ушбу ҳамкорлик спорт соҳасида ҳам тобора ривож топмоқда. Бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида эътироф этилди.

Учрашувда Р.Эрматов Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги фаолияти ҳақида тўхталар экан, мазкур ташкилот жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланиши, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши бевосита жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилган бўлиб, унда ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтириш белгилангани, ўтган давр мобайнида бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини таъкидладилар.

Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашувда бир қатор масалалар, жумладан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан Саудия Арабистони подшоҳлигининг Спорт бошқармаси ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида ишлаб чиқилган меморандумни саудияликлар томонидан кўриб чиқилишини тезлатиш, икки давлат спортчиларини халқаро мусобақаларга тайёрлаш учун спорт турлари бўйича қўшма ўқув-машғулотлар йиғинларини ташкил этиш комплексини ишлаб чиқиш, Саудия Арабистони тажрибасини ўрганган ҳолда Ўзбекистонда от спортини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Саудия Арабистонида миллий спорт туримиз бўлган курашни янада ривожлантириш, бунинг учун подшоҳликни малакали тренерлар билан таъминлаш ва қўшма ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиш борасида ўзаро фикр алмашилди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати