Skip to main content
Yangiliklar

Мирзо Улуғбек (1394-1449) 1-бўлим

By 12.10.2020No Comments

Улуғбек 1394 йилнинг март ойида Эроннинг ғарбидаги Султония шаҳрида, бобоси Темурнинг ҳарбий юриши пайтида туғилди. У Шоҳрух Мирзонинг тўнғич ўғли бўлиб, унга Муҳаммад Тарағай исми берилган, лекин болалигидаёқ у Улуғбек деб атала бошлаб, бу исм кейинчалик унинг асосий исми бўлиб қолди.

Улуғбекнинг болалик йиллари бобоси Темурнинг ҳарбий юришларида ўтди. 1405 йил Хитойга қилинаётган юриш бошида Темур вафот этгач, икки йил давомида унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш давом этди ва бу курашда Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрухнинг қўли баланд келди. Лекин Шоҳрух ўзига пойтахт қилиб Ҳиротни танлаб, Мовароуннаҳр пойтахти Самарқандни эса ўғли Улуғбекка топширди. Шундай бўлса ҳам Шоҳрух Эрон ва Туроннинг ягона хоқони деб ҳисобланарди.

Шоҳрух тўнғич ўғли Улуғбекни 1411 йили Моваруннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими этиб тайинлайди. Улуғбек 17 ёшида ҳоким бўлиб, бобосидан фарқли ўлароқ ҳарбий юришлар билан қизиқмас, кўпроқ илм-фанга мойил эди. Афсуски, Улуғбекнинг бошланғич маълумоти ва мураббий ҳамда устозлари ҳақида аниқ маълумот сақланмаган. Улуғбек болалик йилларида бувиси Сароймулк хоним тарбиясида бўлган. Албатта биз бу аёл ўзининг севимли набирасига ўқув-ёзувни ўргатгани ҳамда тарихий мавзудаги ҳикоя ва эртакларни сўйлаб берганлигини тахмин қилишимиз мумкин. 1405—1411 йилларда амир Шоҳ Малик ёш мирзонинг отабеги бўлган. Лекин у Улуғбекка асосан ҳарбий ва сиёсий тарбия бера олиши мумкин эди.

Улуғбекнинг устозларидан бири мунажжим Мавлоно Аҳмад бўлганлигини тахмин қилиш мумкин, чунки бу киши Темурнинг саройидаги энг йирик олимлардан бўлиб, сайёраларнинг келажак икки юз йиллик тақвимлари жадвалларини туза олган. Лекин Улуғбекнинг ўзи кейинчалик асосий асари бўлмиш «Зиж»ида фақат Қозизода Румийни «устозим» деб атайди. Ҳақиқатан ҳам Қозизода 1360 йилларда туғилган бўлиб, 20—25 ёшларида, яъни Улуғбек туғилмасиданоқ Темурнинг сафига ўтади. Натижада Улуғбек умрининг илк давриданоқ Мавлоно Аҳмад ва Қозизода Румий каби астроном ва математиклар таъсирида улғаяди. Шу сабабли унинг ҳаётида аниқ фанлар муҳим аҳамият касб этади.

Улуғбек йигирма ёшларида ўз даврининг йирик олимларидан бўлиб, унинг ҳокимлиги давридаги муҳим янгиликлар бутун ўрта аср маданияти тарихида улкан аҳамият касб этди. Улуғбекнинг ходими бўлмиш Ғиёсиддин Жамшид Коший 1417 йили Самарқанддан Кошонга отасига ёзган мактубида Улуғбекнинг фаолияти ва билимдонлигини қуйидагича таърифлайди: «Аллоҳга ва унинг неъматларига шукроналар бўлсунким, етти иқлимнинг фармонбардори, Ислом подшоҳи (яъни Улуғбек — А. А.) донишманд кишидирлар. Мен бу нарсани одоб расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало у киши Қуръони Каримнинг аксарият қисмини ёддан биладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларини ақлда сақлайдилар ва ёддан биладилар ва арабчада ғоят яхши ёзадилар. Шунингдек, у киши фиқҳдан анча хабардорлар, мантиқ маъноларининг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар.

 

т.ф.д. А. Аҳмедов