Шоҳрух Мирзо Амир Темурнинг тўртинчи ўғли бўлиб, 1377 йил 20 август, пайшанба куни оламга келган. Тарихчи Хондамирнинг берган маълумотига қараганда, Шоҳрухнинг онаси Тағой Туркон оғо Соҳибқироннинг хос канизакларидан бўлиб, Амир Темур кейинчалик уни ўз никоҳига киритган. Шундай бўлса ҳам Шоҳрухни Сароймулк хоним тарбиялаб вояга етказган.
Шоҳрух Мирзо ёшлигиданоқ аҳкоми шариатга қаттиқ риоя қилиб, диний китобларга қизиққан. У 20 ёшигача отаси Соҳибқирон қаватида бўлиб, ҳарбий юришларда, жумладан, Фаластин юришида ҳам фаол қатнашган. Амир Темур 1397 йилда унга Хуросон, Сейистон ва Мозандарон ҳокимлигини бергач, то 1405 йилгача Хуросон ҳукмдори деган ном билан кифояланади.
Фасиҳ Хавафийнинг ёзишига қараганда, Шоҳрух Мирзо Ҳиротнинг нуфузли хўжазодалари раҳнамолигида Хуросон ҳокимлигини бошқарган. Амир Темур вафотидан сўнг Шоҳрух Мирзо тахтга даъвогарлар қаторида валиаҳд Пир Муҳаммад Мирзо билан иттифоқ тузиб, самарқанд ҳукмдори Халил Султонга қарши курашади. 1407 йили Пир Муҳаммад Мирзонинг фожиали ўлимидан сўнг якка ўзи курашни давом эттириб, 1409 йили Халил Султон устидан қўли баланд келиб, тахтни қўлга киритгач, Мовароуннаҳрни тўнғич ўғли Улуғбек Мирзога, Балхни иккинчи ўғли Султон Иброҳим Мирзога, Ҳисорни марҳум Муҳаммад Султон Мирзонинг ўғли Муҳаммад Жаҳонгир Мирзога, Фарғонани эса марҳум акаси Умаршайх Мирзонинг ўғли Аҳмад Мирзога инъом қилиб, ўзи Ҳиротга қайтиб кетади.
Шоҳрух Мирзо аста-секин ўз акалари Жаҳонгир, Умаршайх ва Мироншоҳларнинг авлодини ҳар хил йўллар билан ўзига тобе қилиб, Мовароуннаҳр, Озарбайжон, Ироқ, Хуросон ва Шимолий Афғонистондан иборат катта бир давлат жиловини ўз қўлига киритиб, Ҳиротни ўзининг пойтахти деб эълон қилади ва «улуғ хоқон» сифатида салтанатни бошқаришга киришади.
Шоҳрух Мирзо кўп вақтини тоат-ибодат ва китоб мутолаасига сарфларкан, девон ва салтанатни бошқаришда ўктам ва тадбиркор хотини Гавҳаршод бегим фаол иштирок эттан.
Шоҳрух Мирзо ихлос ва ниёзмандлик юзасидан дарвешлар ҳамда гўшанишинларга илтифотлар кўрсатиб, Ҳиротнинг Жомеъ масжидида жума намозини халойиқ билан бирга ўқирди. Жума намозларининг бирида (1427 йил 21 феврал) Аҳмад номли кимса масжид ичида Шоҳрух Мирзога пичоқ санчади. Аҳмад ўша заҳоти қатл этилади. Табибларнинг жонбозлиги билан қилинган муолажадан сўнг захм битиб, Шоҳрух Мирзо тузалиб кетади. Шоҳрух Мирзо умрининг охиригача ўз ўрнига валиаҳд тайинлашга иккиланиб юради.
1446 йили Шоҳрух Мирзо ўз набираси, Қазвин, Рай ва Қум вилоятлари ҳукмдори Султон Муҳаммадга қарши юриш бошлайди. Чунки Султон Муҳаммад бобоси Шоҳрух Мирзога қарши бош кўтариб, Ҳамадон ва Исфаҳонни босиб олиб, Шерозни қамал қилган эди. Шоҳрух Мирзо қўшини ғарбий Эронда ҳеч қандай қаршиликка учрамайди. Нимагаки, бобосининг келаётганини эшитган Султон Муҳаммад Шероз қамалини бўшатиб, тоққа қочган эди. Қўзғолон айбдорлари аёвсиз жазоланадилар.
Мазкур ҳарбий юришдан қайтаётганда Шоҳрух бетобланиб, 1447 йили Рай вилоятида, 70 ёшида вафот этади.
т.ф.н. Т. Файзиев