Skip to main content
Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Мирзо Улуғбек (1394-1449) 6-бўлим

By 17.10.2020No Comments

Абдураҳмон Сўфий турғун юлдузларни аниқлаш тўғрисида махсус китоб ёзган, барча кишилар унга мурожаат қиладилар ва уни қабул этадилар.

Биз эса юлдузларнинг осмон куррасидаги ҳолатини кузатишимизга қадар улар ҳақида Абдураҳмоннинг китобидагига асосланардик. Бироқ ўзимизда кузатганимиздан кейин баъзи юлдузларнинг ҳолати унинг китобидагига мос келмаслигини кўрдик. Аллоҳ бизнинг кузатишларимизга таовун берганидан сўнг, бу юлдузлар ва бошқа юддузларнинг ҳолатлари Абдураҳмоннинг айтганига зид эканлигининг шоҳиди бўлдик. Биз бу юлдузларни ўз кузатишимизга мос келган ҳолда куррага жойлаштирганимизда эса кузатганимизга ҳеч зид келмаганлигини кўрдик. Биз бунга имонмиз. Биз барча юлдуз туркумларидаги юлдузларни кузатдик. Лекин бундан йигирма етти юлдуз мустасно, чунки уларнинг жанубий масофаларининг катталиги туфайли улар Самарқандда кўринмасди. Бу Самарқандда кўринмайдиган юлдузлардан еттитаси Мижмара («Курбонгоҳ») юлдуз туркумидан, саккизтаси Сафина («Кема») туркумидан — булар 36 нчи юлдуздан 41 нчигача ва 44, 45-юлдузлар; ўн биттаси Кентаврус («Кентавр») туркумидан — булар 27 нчидан охиригача ва яна битта Сабъ («Ҳайвон») юлдуз туркумидан — бу 10 нчи юлдуз.

Шу йигирма етти юлдузни биз китобимизга Абдураҳмон Сўфий санаси билан келтирамиз. Қолган саккиз юлдуз ҳақида Абдураҳмон Сўфий ўз китобида уларни Птолемей кўрган ерда ҳеч қандай юлдуз топмаганлигини айтган. Биз ҳам ҳар қанча ҳаракат қилсак-да, ўша жойларда ҳеч қандай юлдузни топмадик. Шунинг учун биз ҳам у саккиз юлдузни бу китобимизда келтирмаймиз. Бу юлдузлар Мумоик ал-аинна («Жилов ушловчи»)нинг 14-нчи, Субънинг 11-нчи юлдузи ва Ҳутдан ташқарида, жанубдаги олтита юлдуздир».

Келтирилган парчадан кўринадики, Улуғбекнинг юлдузлар жадвали ўрта асрлар давридаги энг нодир ва мукаммал жадвал бўлган. Бу парча Улуғбек расадхонасида юлдузлар глобуси ясалган, деган хулосага ҳам олиб келади.

«Зиж»нинг охирги — «Юлдузларнинг доимий ҳаракати» деб номланган тўртинчи мақоласи икки бобдан иборат ва у асосан илми нужумга бағишланган.

Улуғбек «Зиж»и ўрта асрлардаги энг мукаммал астрономик асар бўлиб, тезда замондошларининг диққатини ўзига жалб этди. Энг аввал бу асар Самарқандда Улуғбек атрофида тўпланган олимлар ижодига таъсир кўрсатди. «Зиж»ни ўрганиш шуни кўрсатадики, у асосан амалий қўлланишга мўлжалланган бўлиб, назарий масалаларни баён этишни Улуғбек олдига мақсад қилиб қўймаган. Шунинг учун бўлса керак, «Зиж»ни биринчи бўлиб Самарқанд олимларининг ўзи, хусусан Али Қушчи шарҳлайди. Ундан кейинги шарҳларни Мирам Чалабий ва Ҳусайн Биржандийлар ёзади.

1449 йили Улуғбекнинг фожиали ҳалокатидан сўнг Самарқанд олимлари аста-секин Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетадилар. Улар ўзлари борган ерларга Самарқанд олимларининг ютуқларини ва «Зиж»нинг нусхаларини ҳам етказадилар. Хусусан Али Қушчи 1473 йили Истамбулга бориб, у ерда расадхона қуради. Шу тариқа Улуғбек «Зиж»и Туркияда тарқалади ва Туркия орқали Оврўпо мамлакатларига ҳам етиб боради.

Ҳозирги кундаги маълумотларга кўра «Зиж»нинг юзга яқин форсий нусхаси ва 15 дан ортиқ арабий нусхаси мавжуд. Ўрта асрларда ёзилган ҳеч бир астрономик ёки математик асар бунчалик оммавий ва кенг маълум бўлмаган. «Зиж» мусулмон мамлакатларининг деярли барчасида ўрганилган ва шарҳланган. Уни шарҳлаган олимлардан қуйидагиларнинг номларини эслатиш мумкин: Шамсиддин Муҳаммад ибни Абул Фатҳ ас-Сўфий ал-Мисрий (ваф. тах. 1495), Абулқодир ибни Рўёний Лаҳижий (ваф. 1519), Мирам Чалабий (ваф. 1525), Абдулали Биржандий (ваф. 1525), Ғиёсиддин Шерозий (ваф. 1542).

 

т.ф.д. А. Аҳмедов