Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Мирзо Улуғбек (1394-1449) 5-бўлим

By 16.10.2020 No Comments

Яна бир диққатга сазовор нарса, бу Улуғбек Али Қушчини «фарзанди аржуманд» дейишидир. Аслида Али Қушчи унинг фарзанди эмас, шогирди бўлиб, илм соҳасида устозига Абдуллатиф ва Абдулазизлардан, яъни ўз фарзандларидан ҳам содиқ ва вафодор эди. Шунинг учун ҳам Улуғбек унга ўз ўғлидек қарар эди ва унинг ёрдами билан «Зиж»ни «фарзанди аржуманд Али ибн Муҳаммад Қушчи… иттифоқлигида» поёнига етказди.
Энди «Зиж»нинг мазмуни ҳақида тўхталайлик. Асарнинг биринчи — «Таърих, яъни хронологиянинг маърифати» деб номланган мақоласи (китоби) етти бобдан иборат бўлиб, у эралар ва календар масалаларига бағишланган. Бу бобларда исломда қўлланиладиган асосий эра — ҳижрий эраси, суръёний-юноний эраси, «жалолий» эраси, хитой ва уйғур эраси, форсий-қадимий эраси ва бу эраларда келтирилган саналарни биридан бирига мослаштириб кўчириш ҳамда бу эралардаги машҳур кунлар ҳақида баҳс юритилади. Бундан ташқари ушбу мақолада туркий мучал йиллари ҳақида ҳам муфассал баён этилади.
Иккинчи — «Вақтлар ва унга тааллуқлик нимарсалар» деб ном-ланган мақола 22 бобдан иборат. У асосан математика ва сферик астрономия масалаларига бағишланган. Иккинчи ва учинчи бобларда ўрта асрлар учун энг аниқ бўлган синуслар ва тангенслар жадваллари келтирилади. Мақоланинг тўртинчи бобида Улуғбек эклиптиканинг (фалак ул-бурж) осмон экваторига (муъаддал ун-наҳор) оғиш бурчагининг миқцорини келтиради. Бу ҳақда у бундай дейди: «Бизнинг кузатишимизча, энг катта оғиш (яъни эклиптиканинг осмон экваторига оғиши) бурчагини йигирма уч даража ўттиз дақиқа ўн етти сония топдик». Улуғбек топган бу миқдор ўрта асрлар даври учун анча аниқ эди. Шуни ҳам айтиш керакки, бу бурчакнинг миқцори барча давр астрономлари учун катта аҳамиятга эга эди, чунки ёритгичлар ва яшаш жойларининг аниқ координатларини топиш шу бурчак миқдорига боғлиқ эди.
«Зиж»нинг учинчи мақоласи 13 бобдан иборат бўлиб, фақат астрономия масалаларига бағишланган. Бунда Қуёш, Ой ва беш сайёранинг ҳаракатлари ҳақида баҳс юритилади. Асарда келтирилган жадвалларнинг аксарияти шу мақолага тааллуқлидир. Бу жадваллар орасида энг аҳамиятга эга бўлгани 13-бобда келтирилган ва «Турғун юлдузларнинг узунлама ва кенглама бўйича ҳолатларини аниқлаш» деб аталган юдцузлар жадвалидир. Улуғбек «Зиж»ининг бошқа «зиж»лардан фарқини кўрсатиш учун шу ерда мазкур жадвал бошидаги унинг сўзларини келтирамиз. У айтади: «Птолемейгача бўлган астрономлар бир минг йигирма икки юддузнинг ҳолатини аниқладилар. Птолемей эса уларни олтита катталик бўйича тартиб-лаб, ўз «Алмажистий»сида келтирди. Уларнинг энг каттаси — биринчи катталикда, энг кичиги эса олтинчи катталикдадир. Ҳар бир катталикни у уч қисмга ажратди. Уларни бир-биридан фарқ қилиш учун қирқ саккиз юлдуз туркумига жойлаштирди. Уларнинг йигирма биттаси фалак ул-бурждан (эклиптика) шимолда, ўн иккитаси фалак ул-буржда ва ўн бештаси фалак ул-бурждан жанубда жойлашади. Бу юлдузлардан айримлари шу юлдуз туркумларининг ўзида, айримлари эса туркумдан ташқарида жойлашади. Бу кейингиларни юлдуз туркумларининг ташқи юлдузлари деб ҳисобланади. т.ф.д. А. Аҳмедов