Skip to main content
Yangiliklar

МАЪНАВИЯТ ЮЛДУЗЛАРИ: Амир Темур (1336-1405) 5-бўлим

By 06.10.2020No Comments

Амир Темур ўзини моҳир дипломат сифатида ҳам намоён қилаолган. Унинг Византия, Венеция, Генуя, Испания, Франция, Англия, бошқача айтганда, ўша вақтда кўпроқ маълум ва машҳур бўлган Оврўпо давлатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш ва уни мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини француз ва инглиз қиролларининг унга ёзган мактублари билан далиллаш мумкин.

Манбаларда соҳибқирон Амир Темур — ёрқин хислатларга эга эканлиги, хотираси ўткир, шижоатли ва қатъиятли, бирсўзли, зўр руҳий қудрат эгаси, салобатли инсон сифатида таърифланади.

Амир Темурнинг Осиё, умуман жаҳон тарихидаги хизматлари ва тутган ўрни ҳақида хулоса қилиб, қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш жоиздир: Амир Темур Марказий Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этишда барча юртпарвар кучларни уюштириб, уларни мустақиллик учун курашга йўналтирган етакчи раҳбар, ерли халқнинг бу соҳадаги орзу-умидларини рўёбга чиқишига улкан ҳисса қўшган саркардадир; Амир Темур кўп йиллар давомида мустамлака бўлиб, чет эллик ҳукмдорларга бўйсуниб келган Мовароуннаҳр ва Хуросонда ўз юрти, халқининг куч-қудратига таянган мустақил ва ягона давлат барпо эта олди; Амир Темур ҳам ўз даврига хос бўлган турли сабабларга биноан бошқа мамлакатларга юришлар қилди ва Оврўпо мамлакатларининг ривожланишини тезлашишига ўз ҳиссасини қўшди. Россияни Олтин Ўрда зулмидан, Оврўпони Туркия тажаввузидан сақлаб қолди; Амир Темур ўз сиёсатида маданият, ободончилик, ҳунармандчилик ҳомийси бўлиб танилди. Ўз сиёсати билан маданий юксалишга ва туркий тилнинг ривожига кенг йўл очиб, нафақат Марказий Осиёнинг маданий-маънавий оламида, балки бутун мусулмон олами тарихида ўчмас из қолдирди ва сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди; Амир Темур қатор Шарқ мамлакатлари ва айниқса, Оврўпо мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан турли савдо-сотиқ, маданий алоқаларга янада кенг йўл очиб берди.

Собиқ советлар мафкураси, пролетар дунёқараши ҳукмронлик қилган шароитда Темур фаолиятига нисбатан салбий муносабатда бўлинди, ўша давр адабиётларида ҳар доим қораланиб келинди. Лекин мафкуравий тўсиқ, тақиқлашларга қарамай айрим илмий асарларда Темур ҳақида баъзи тўғри фикрлар ҳам билдирилди.

Бу жиҳатдан Ўзбекистонда 1968 йили академик И.М.Мўминовнинг «Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли» рисоласининг нашр этилиши муҳим воқеа бўлди. Рисола Темур шахсига бирёқламали қарашларга қарши ёзилган илмий асар сифатидаги дастлабки уриниш эди. Лекин бу қадам Москвадаги юқори идоралар ва матбуот органлари томонидан қораланди ва асар муаллифи бениҳоя азиятлар чекди.

Ўзбекистоннинг мустақилликка эришуви, эски мафкура сиқувидан қутулиш, тарихимизга тўғри муносабатда бўлиш имконини яратди. Сўнгги йилларда Амир Темур ва унинг даврини ўрганишга бағишланган қатор манбалар, китоблар, жумладан, Бўрибой Аҳмедовнинг Амир Темур ҳақидаги катта роман-хроникаси нашр этилди. Ўзбекистон Президентининг фармони билан 1996 йил — Амир Темур йили деб эълон этилиши ва бу сана жаҳон миқёсида нишонланиши Амир Темур номи оқланиб, ўзбек халқига бутунлай қайтганига ёрқин далилдир.