Skip to main content
Yangiliklar

Боксчиларимизни Америка сафарига кузатдик

By 27.10.2020No Comments

Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ўзбек ва жаҳон бокс юлдузлари: Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов, Санжар Турсунов ва бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг катта мураббийлари Тўлқин Қиличев ва Раҳматжон Рузиоҳуновлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти ва мутасаддилари, Ўзбекистон бокс федерацияси вакиллари, спортчилар, мураббийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Ушбу уч нафар боксчимиз тез орада АҚШга жўнаб кетади. Қайд этиш керакки, бу сафар Муроджон Аҳмадалиев чемпионлик унвонини ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Токио Олимпиадаси лицензиатлари Баҳодир Жалолов ва Санжар Турсунов эса тайёргарликнинг қолган қисмини океан ортида ўтказадилар.

Даставвал, бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг катта мураббийи Тўлқин Қиличев боксчиларимизнинг АҚШ сафаридан нималар кутилаётгани ҳақида маълумот берди.

Йил охиригача бокс бўйича халқаро мусобақалар йўқлигини, шунингдек, боксчиларни бўлажак Олимпия ўйинларига муносиб даражада тайёрлаш учун биз ўз спортчиларимизни АҚШга жўнатишга қарор қилдик. Америкада ҳам машғулот ўтказиш учун барча зарур шароитлар мавжуд. У ерда кўплаб тажрибали боксчилар топилади. Бу эса ўз навбатида, боксчиларимизга маҳоратини ошириш ва тажриба алмашиш имконини беради«, – деди Тўлқин Қиличев.

Шундан сўнг Раҳматжон Рўзиоҳунов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Мутахассис карантин режимига қарамай, ўқув-машғулот йиғинлари тўхтамагани, машқлар барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилганлигини айтди. Мураббий сўз ўрнида барча шароитларни яратиб бергани учун муҳтарам Президентимизга, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон бокс федерациясига миннатдорлик билдириб ўтди.

Шундан сўнг, боксчилар тадбир иштирокчиларининг саволларига жавоб беришни бошладилар. Хусусан, улар ўзларининг профессионал фаолияти давомида дуч келган қийинчиликлар, боксга кириб келишлари, кумирлари, бўлажак мусобақаларга тайёргарлик, асосий рақиблари ва келажак режалари ҳақида гапириб беришди. Қаҳрамонларимиз суҳбат давомида тадбирда қатнашган ёш боксчиларга ўз маслаҳатларини беришди. Албатта, ушбу тавсиялар ёш авлод учун туртки бўлиб хизмат қилади.

Дўстона муҳитда ўтган матбуот анжумани якунида Муроджон Аҳмадалиев юртбошимизга ўз миннатдорчилигини билдирди ва доимо билдирилган ишончни оқлашга, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрўсини янада кўтаришга, шу жумладан, чемпионлик унвонини муваффақиятли ҳимоя қилишга ваъда берди.

  

 

 

olympic.uz