Yangiliklar

АҚШнинг Детройд шаҳрида биринчи “Cadillac” автомобили ишлаб чиқарилган кун

By 17.10.2020 No Comments

Cadillac автомобилини истеъдодли ихтирочи Генри Мартин Лиланд кашф қилган. Генри ва унинг ўғли Уилфред Генри Форд ва бошқа машҳур автомобил кашфиётчилари билан ҳамкорлик қилишган. Форд Лиланд билан ҳамкорликда 1902 йилнинг августида Луизиана губернатори ва Детройд асосчиси маркиз Антуан де Кадийяк шарафига “Cadillac Motor Car Company” деб номланган компания тузди. Шу йилни 17 октябрида эса Cadillac автомобилининг биринчи “А” модели тайёр бўлди. Шу йилнинг охиригача яна иккита машина йиғилди ва бу автомобиллар 1903 йилнинг январь ойида ўтказилган Нью-Йорк авто-шоусида намойиш этилди. Муваффақият ҳайратланарли даражада эди—кўргазмаларнинг ёпилгунича компания 2286 автомобилга буюртма олди. Бу машинанинг тезлиги соатига 48 км бўлиб, нархи 750 долларни ташкил этар эди. Автомобил буюртмасига яна устама нарх тўлаб қўшимча икки кишилик жой ва юмшоқ йиғилувчан соябонли моделга эга бўлиш мумкин эди. 1930 йилларга бориб Cadillac автомобили мукаммал техника воситасига айланди. 1933 йилларда машинанинг олдинги ғилдираклари мустақил безакли экспериментал моделлари пайдо бўлди. 1941 йилда Cadillac жаҳонда биринчи бўлиб автоматик гидравлик трансмиссияли, сунъий иқлим системасига эга ва ёнилғи баки орқа томонга бекитилган ҳашамдор моделини намойиш қилди, сўнг Cadillac янги куч билан ишлай бошлади ва энг яхши автомобил сифатида тан олинди. 1948 йилдаги моделларнинг орқа қанотларида аэродинамик “сузгич”лар пайдо бўлди. Бу дизайнерлик маҳобат кўпчиликнинг завқини қозонди. 1953 йилда «Eldorado»пайдо бўлди, бу урушдан кейинги автомобилнинг тўла ўзгартирилган шакли эди. У биринчи марта кенг олдинги ойнага ва ўзига хос фаралар билан безатилган эди. 1964 йилда компания уч миллионинчи автомобильни ишлаб чиқаради. Бироқ компания эришилган муваффақиятлар билан тўхтаб қолмайди. Уч йил ичида “айланадиган фара”ли, икки контурли тормоз ва автоматик иқлим назорати системаларига эга, олдинги ўриндиқлар иситиладиган ва Track Master cистемаси мавжуд моделлар пайдо бўлади. 1978 йилдан конвейрлардан Cadillacнинг дизель билан юрадиган турлари ишлаб чиқилади. Cadillacнинг деярли ҳаммасида ўзига хос рул ва тормоз, кондиционер, электр ойна кўтаргич, механизмга эга ўриндиқ ва юкхонани очадиган мосламалари мавжуд эди. Хуллас юқори комфортли автомобиллар сирасига кириб, кўпчиликнинг ихлосини қозонди. АҚШнинг жуда кўп президентлари Cadillacни “ҳукумат улови” сифатида тан олди. Албатта ҳукумат вакиллари учун Cadillacнинг махсус бронлаштирилган моделлари ишлаб чиқиларди. Бундай махсус машиналарда президентлар Жим Картер, Рональд Рейган, Билл Клинтонлар расмий ташрифларини амалга оширишган.