Skip to main content
Yangiliklar

Табобат: Шолғом — томоқ оғриғи ва нафас йўлидаги шамоллашни даволайди

By 22.09.2020No Comments

Шолғом инсон саломатлиги учун жуда фойдали сабзавотдир. Буюк табиб Абу Али ибн Сино шолғомдан томоқ оғриғи, нафас йўлидаги шамоллаш ва пешоб йўлидаги муаммоларни бартараф этишда фойдаланган.

Бу илдиз мевали сабзавот яра ва жароҳатларни тез битирувчи, пешоб ҳайдовчи, шамоллашни олувчи, антисептик ва оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга. Шифобахшлигини билгач, инсоният шолғомни маданийлаштирган ва уни парлаб, димлаб, қовуриб, қайнатиб ва ниҳоят, шундай ҳолатда салатларга солиб, ёғ билан, квас билан истеъмол қилишга одатланган.
ТАРКИБИ
Шолғомда В гуруҳидаги барча витаминлар, бета-каротин, С, Е, А, РР каби витаминлар ҳамда кальций, магний, натрий, калий, фосфор ва темир микроэлементлари сақланади.
100 грамм шолғомда 32 ккал, 1,5 фоиз оқсил, 0,1 фоиз ёғ, 7 фоиз углевод ва 9 фоиз қанд моддаси бор.

ЭНГ ЯХШИ АНТИБИОТИК
Шолғомнинг мантиқасқонда димлаб пиширилгани организмдаги замбуруғларнинг ўсишига йўл қўймай, эзиб ташлайди. Бундан ташқари, стафилококклар ва ичак касалликларини келтириб чиқарадиган таёқчасимон микробларни енгишда ёрдам беради. Бунинг учун димлаб пиширилган шолғомнинг биттасини бешга бўлиб, кун давомида 1 бўлакдан майда чайнаб енг.
ШОЛҒОМ УРУҒИ — ЭРКАКЛАР УЧУН ҚУВВАТ ДОРИ
Шолғом уруғи унинг меваси тубидан ўсиб чиққан новдасида бўлади. Шарқ табобатида у эркаклардаги жинсий қувватсизликка қарши қўлланилган. Бунинг учун 2 ош қошиқ майдалаб туйилган шолғом уруғини идишга солинг ва устидан 1 ош қошиқ асал қўшиб, яхшилаб аралаштиринг ҳамда кечаси ётиш олдидан 1 бўлак жавдар нонига суртиб енг. Муолажани 7-8 кун давом эттирсангиз, қувватсизликдан қутуласиз.
ШОЛҒОМ БАРГИ ТИШЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАЙДИ
Шолғом барги ҳам витамин ва минералларга бой. У ўзидаги темир, йод, бета-каротин, магний, кальций ва С витаминининг мавжудлиги билан шифобахшликда тенгсиз. Мазкур баргдан тайёрланган дамлама тиш, милк ҳамда суякларни мустаҳкамлайди. Бунинг учун 20 г қуритилган шолғом барги кукунини термосга солинг ва устидан 1 стакан қайноқ сув қуйиб, 30 дақиқага бостириб қўйинг. Дармондори тайёр бўлгач, у билан оғзингизни ғарғара қилинг ва кунига 3 маҳал овқатдан олдин 0, 5 стакандан ичинг.
ШОЛҒОМНИ ҚАЧОН ЕЙИШ МУМКИН ЭМАС?
Ошқозон-ичак тракти шамоллаб, яллиғланиш кучайганда, сурункали ва ўткир даражали гепатитдан азият чекканда, холецистит, марказий асаб тизимида кучли ўзгариш бўлганда шолғом ейиш тақиқланади.
Эслатма: Тавсияларни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг.