Skip to main content
Yangiliklar

Шифокор маслаҳати: Витаминни табиий манбадан олинг! Умумий амалиёт шифокори Субҳинисо ЭРГАШЕВА маслаҳати.

By 17.09.2020No Comments

1880 йил рус биологи Николай Лунин “Озиқ моддаларида ҳаёт учун керакли бўлган қандайдир номаълум элементлар бор”, фаразини берган. У айтган нарса витамин ва минераллар эди.

Витаминлар инсоннинг ўсиши, ривожланиши, соғлом бўлиши ва қувватга киришида муҳим ўринга эга. Организм витаминга етарли даражада тўйинса, ички органлари функцияси яхшиланади, суяклари тўғри ривожланади, асаб тизимида муаммо бўлмайди.

Болалар витаминларга катталардан кўра кўпроқ эҳтиёж сезадилар. Чунки, сизга маълум, болалар шўх, ҳаракатчан, тиниб-тинчимас бўладилар. Энергия сарфи витаминлар заҳирасини бўшатиб қўяди. Боланинг ёшига ёш қўшилгани сари турли витаминларга бўлган талаб ўзгариб боради. Шунинг учун ҳам поливитаминлар комплекси турлича таркиб ва шаклда ишлаб чиқарилади.

Касалдан тургач, антибактериал терапия олгач, стрессни бошдан кечиргач, спорт билан шуғуллангач витаминга ҳар доимгидан кўпроқ эҳтиёж сезилади.

Ҳаммаси ҳам бир, хусусияти ҳар хил

А витамини – аввало кўз нури, шунингдек суяклар шаклланиши учун зарур. Ушбу витаминга тўйинган одам соғлом бўлади, айниқса ўпка ва овқат хазм қилиш тизими дард кўрмайди. А витамини танқислиги организмда бактериялар ривожланишига шароит яратиб беради. Лекин ҳомиладорликнинг илк муддатидаги ҳаддан ортиқ бўлган бу витамин бола бош ва юзидаги нуқсонлар, юрак ва асаб тизимидаги муаммоларга сабаб бўлади.
В1 витамини – кўз нурини қувватлайди, организмда углевод алмашинувини мувофиқлаштиради, ақлий қобилиятни ривожлантиради. Айнан бу витамин орқали бола ўйин ва ўқиш учун куч йиғади.
В2 витамини – моддалар алмашинувида иштирок этади, умумий ривожланиш, хусусан, бўй ва соч ўсиши, тирноқлар мустаҳкамлиги, тери саломатлигини таъминлайди.
В6 витамини – иммунитетга жавобгар. Қизил қон таначаларини яхши шакллантириб беради. Бу витамин асаб тизими учун жуда зарур.
В9 витамини – камқонликдан қийналувчиларга керак. Тери ҳолатини яхши ушлаб туради. Касалликларга кўп чалинувчанлар учун заруратга айланади, зеро иштаҳани очади.
В12 витамини – асаб тизими ва қон ишлаб чиқариш тизимида муҳим аҳамиятга эга.
С витамини – биринчи кашф этилган витамин. Атроф муҳитнинг зарарли таъсирларидан ҳимоялайди, аллергик реакцияларни баратараф этади, иммунитетни оширади, респиратор инфекцияларга курашувчан қилади.
D витамини – суяклар ривожланиши, организмда магний ва кальций ўзлаштирилиши, рахит профилактикаси учун керак.
Е витамини – асаб, мушак, қон айланиш, репродуктив тизим фаолиятини рағбатлантирувчи, организмнинг ҳимоя қобиғини мустаҳкамловчи манба.
К витамини – қон айланиш тизимига алоқадор. Жумладан, қон кетишларнинг олдини олади.
Н витамини – соғлом терининг бош асосчиси.
РР витамини – моддалар алмашинувида фаол қатнашади, ёғ, оқсил, углевод, бошқа витаминлар ва минералларнинг организмга сўрилишини таъминлайди.
Мева-сабзовотлардан изланг

Витаминларнинг 40 фоизи мева-сабзовотлар ва кўкатлардадир. 20 фоизи нон маҳсулотлари ва донларда, 20 фоизи гўшт маҳсулотларида, яна қолган 20 фоизи сут маҳсулотларида учрайди.

Витамин ва минераллар комплексини сотиб олишда таркибига аҳамият беринг. Масалан, кальций ва темир ўзаро рақобатчи ҳисобланадилар, иккиси бир бирининг ўзлаштирилишига халақит беради. Шунингдек, бу минераллар рух билан қўшилса, фойда йўққа чиқади. В гуруҳи витаминлари магний билан қўшилиб кетолмайди. D витамини эса кальций ва фосфор билан яхши чиқишади.

Витаминларни оч қоринга ичиш мумкин эмас. Бунда ошқозон тракти бузилишидан ташқари витаминларнинг ўзлаштирилиши ҳам қийинлашади.

Витаминлар қабулини бошлаш учун куз ва баҳор мавсумини танлаган маъқул. Қишда ҳам уларга мурожаат қилса бўлади, ёзда эса табиий маҳсулотлардан фойдаланиб қолган афзал.