Yangiliklar

САЛОМАТЛИК: Саломатликни сақлаш ҳамда ҳар турли касалликларнинг олдини олишда бадантарбия ва ҳаракатдан яхши восита йўқ

By 17.09.2020 No Comments

ЭРТАЛАБКИ БАДАНТАРБИЯ – ТАНАМИЗНИНГ НОНУШТАСИ
Уйқудан кўзини очиб, ўзини ланж ва кайфиятсиз хис этиш кўпчиликка хос муаммо. Бу уйқуга тўймаслик, уйқу эхтиёжининг етарлича қондирилмаслигидан келиб чиқади. Жамиятда фаол инсон кам ухлашга мажбур, ягона чора эса ноқулайликни бартараф этиш. Эрталабки бадантарбия бу борадаги оқилона қарордир. Айниқса, коронавирус пандемиясини олдини олишда бу янада аҳамиятли.
Хўш, бадантарбияни нимадан бошлаймиз? Андижон вилояти Бош тиббий меҳнат экспертиза комиссияси раиси Ойбек Остоновга айни шу савол билан мурожаат қилдик.
-Аввало бу ўзингиз, соғлиғингиз учун кераклилигини хис этинг. Уйқингизни имкон қадар тартибга келтиринг, кечки уйқуга барвақт ётсангиз, эрталабки бадантарбия учун куч топасиз. Дангасалик қилманг. Бадантарбия доимий равишда, ҳар куни амалга оширилгандагина фойдасини кўрсатади. Агар шу пайтгача бадантарбия билан умуман шуғулланмаган бўлсангиз, аста-секинликка риоя қилинг. Илк кунлар учун тўшакда, ётган ҳолингизда машқлар бажаринг. Уйқудан уйғонган заҳотингиз машқ қилишни бошламанг. Организм янги кунга киришиб олиши учун 10-15 дақиқа имкон беринг.
Бадантарбия нонуштадан аввал бажарилишини унуманг, акс ҳолда кўнгил айниши, безовта қилиши мумкин. Бадантарбиягача бўлган 10-15 дақиқа давомида душ қабул қилишингиз, майин мусиқа тинглашингиз мумкин. Ёки вақтингизни бошқача режалаштирган ҳолда нонуштадан 30 дақиқа ўтгач, машқларни бошланг.
5-10 та оддий машқларнинг ҳар бирини 7-10 мартадан такрорланг. Машқлар шошмасдан, нозиклик билан, хотиржамликда бажарилади. Кийимингиз ҳам қулай бўлсин. Оёғингизга пойабзал киймасдан, ялангоёқ турганингиз маъқул. Иложи борича очиқ ҳавода амалга оширишга ҳаракат қилинг. Бу фойдани икки хисса кўпайтиради. Агар ташқарига чиқишнинг имкони бўлмаса, эшик, деразаларни очиб, хона ичини елвизак қилиб қўйинг. Дарвоқъе, мусиқа садолари остида бажарилган машқлар самарани янада оширади.
Машқларда аниқ қолип мавжуд эмас. Эгилинг, кўприк хосил қилинг, ўтириб туринг, бошингизни айлантиринг, югуринг, қўлингизни тамонлар бўйлаб ҳаракатлантиринг – фарқи йўқ. Эрталабки бадантарбиянинг бош қоидаси ҳам шу – енгиллик ва қисқалик. Асосийси, ўзингизга ёққан машқни кўпроқ такрорланг. Тезкор ҳаракатлар, мураккаб машқлар билан бўғимларни зўриқтириб қўйманг. Ахир сиз спортсменликка эмас, соғломликка даъвогарсиз.