Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари. Юсуф Хос Ҳожиб (1020-1070)1-бўлим

By 10.09.2020No Comments

Юсуф Баласоғуний Еттисув ўлкасидаги Кузўрда (Баласоғун) шаҳрида дунёга келади. Бу даврда Еттисув ва Шарқий Туркистон ўлкалари туркий қарлуқ қабиласидан чиққан Қорахонийлар сулоласи қўл остида эди. Бу сулола VI—IX асрларда ҳукм сурган Буюк Турк хоқонлигининг давомчилари бўлиб, IX аср ўрталаридан давлатни бошқариб келдилар. X аср бошларида Абдулкарим Сотуқ Буғрахон (924—955) ислом динини қабул қилди ва шу билан туркий элатлар ҳам узил-кесил ислом минтақа маданиятига келиб қўшилдилар. X аср охирига келиб, Сомонийлар таназзулга юз тутгач, Қорахонийлар Мовароуннаҳрни тугал эгалладилар. Баласоғун ушбу улкан мамлакатнинг шимолидаги пойтахти эди.
Шоир ҳақида маълумотлар кўп эмас. «Қутадғу билиг» асарини 50 ёшларда ҳижрий 462 йили (1069/70) ёзиб тугатган Юсуф ўзи ҳакида асар муқаддимасида шундай маълумот беради: «Бу китобни тасниф қилиғли Баласағун мавлудлиғ парқиз идиси эр турур. Аммо бу китобни Кошғарда тугал қилиб, Машриқ малики Тавғачхан ускинга кекурмиш, малик ани ағирлаб, улуғлаб ўз Хас Ҳожиблиқи анга бермиш турур, анинг учун Йусуф Улуғ Хас Ҳожиб тэб ати жави йазилмиш турур» (Бу китобни тартиб берувчи Баласоғунда туғилган, парқиз соҳиби (сабр-қаноатли) кишидир. Аммо бу китобни Кошғарда тугал қилиб, Машриқ малики Тавғачхон даргоҳига келтирибдир. Малик уни ёрлақаб, улуғлаб ўз (саройида) Хос Ҳожиблик (лавозимини) берибди. Шунинг учун Юсуф Улуғ Хос Ҳожиб деб машҳур номи тарқалибди). Китобда номи тилга олинган хоқон Насриддин Тавғач улуғ Буғро Қорахон Абу Али Ҳасан Хорунхон бинни Арслонхон бўлиб, 1075—1103 йиллар давомида Қорахонийлар давлатини бошқарган. «Қутадғу билиг» асари унга бағишланган пайтда у Кошғарда Арслонтегин Тўғрул Қорахоқон Маҳмудхон (1059—1075)нинг ўртоқ-қоғони сифатида ҳукм сурарди. (Қорахонийлар сулоласида шундай одат бўлиб, Баласоғун асосий хоқон ҳукмдор бўлганда Қошғарда унинг ўртоқ-қоғони иш юритарди).
Асар мазмуни, тили ва услубидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Юсуф Хос Ҳожиб араб ва форс тилларини мукаммал билган, бу тиллардаги диний, илмий, бадиий адабиёт билан чуқур таниш бўлган. Бундан ташқари шоир қадим турк ёзма адабиёти, туркий халқлар оғзаки ижодини ҳам яхши билган, улар муҳитида тарбия олган. Шоир туркий элатларнинг қадимий қўшнилари хитой, мўғул, ҳинд, эроний халқлар маданияти, юнон фалсафаси ва бошқа ўша давр маънавий ҳаётининг турли томонлари ҳақида мукаммал маълумот эгаси бўлган. Юсуф катта истеъдод соҳибидир. Ўша давр анъанасига кўра, у араб, форс тилларида ҳам шеър ижод қилган бўлиши керак, туркий адабий тилда, балки девон ҳам тузгандир. Афсуски, бизгача шоирнинг ягона достонидан бошқа асари етиб келмаган. Аммо аниқ айтиш мумкинки, ҳеч қайси ижодкор илк ижодини 6,5 минг байтга яқин йирик достон ёзишдан бошламайди. Масалан, Амир Хисрав Деҳлавий биринчи йирик достонини бошлаганда икки девон тузган ва улар таркибида бир қатор кичик маснавийлари бор эди. Биз Юсуфнинг ижодий йўли ҳақида баъзи маълумотларни достонга таяниб олишимиз мумкин. Масалан, шоир кириш қисмида ёзади:
Бу туғмиш элиндин чиқиб боргони,
Китобни қўшубон тугал қилғони.
(Туғилган юртидан чиқиб боргани, китобни жамлаб тугал қилгани).
фил. ф.д. М. Имомназаров