Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Маҳмуд Кошғарий (1029-1102) 3-бўлим

By 17.09.2020No Comments

Уларда туркий элатларнинг шижоати, қийинчиликларга бардоши, жасурлиги, ҳарбий ҳийлалар, сиёсий кураш, элпарварлик, мардлик, ҳикмат, меҳр ва қаҳр туйғулари жонли, чақноқ мисраларда тавсиф этилган. Шу билан бирга қабилавий бошбошдоқлик, ўзаро низо-адоватлардан ўкиниш, бирлашишга, иттифоққа интилиш майллари ҳам сезилиб туради. Буюк турк хоқонлигининг тушкунлик ҳолати, ягона бирлаштирувчи ғоянинг етмаслиги ушбу қўшиқлар кўпроқ исломдан илгариги оғзаки шеърият намуналари зканидан дарак беради. Қадимги эпик қўшиқлардан «Девон»да сақланган икки йирик асар кўпчиликнинг диққатини тортиб келади. Булардан бири «Али Эр Тўнга марсияси» ва иккинчиси — «Қиш ва ёз» мунозарасидир. Марсия 44 сатрдан иборат. Унда маълум маънода туркий эл ўзининг севимли қаҳрамони, хоқони ва йўлбошчисигагина эмас, бой берилган имкониятлари, парчаланган элати, тушкунликка юз тутган туркий империядаги маънавий йўлсизлик ҳолатига ҳам кўз ёш тўкади, мотам қилади. Бу қўшиқ халқ оғзаки ижодидаги «йиғи» жанрининг адабийлашган намунаси деса бўлади. «Қиш ва ёз» мунозараси туркий мунозара жанрининг бизгача етиб келган биринчи ёрқин намунаси бўлиб, унда туркий элатларнинг бутун табиати, яшаш, тафаккур тарзи, севинчлари, қайғулари батафсил акс этган. Айниқса, табиатга меҳр гўзал ифода топган. Асар мажозий тасвирлар, ташбеҳлар, истиоралар, жонлантириш ва енгил кинояларга бой. Уни ўқиганда чорвадор туркий элатлар ҳаёти, фаолияти, табиий муҳит кўз олдингизда яққол гавдаланади:

Алин топу йашарди
Урут ўтин йаширди,
Кўлнинг сувин кушарди,
Сигир бува мунграшур.

Мазмуни:

Тоғ бошлари яшарди,
Қуруғ ўтни яширди,
Кўл сувлари тошурди,
Сигир, буқа маърашур.

«Девон»даги шеърларнинг бадиий савияси юқори эканлиги, уларни яратган шоирларнинг жуда маълумотли бўлгани, нафис ва чуқур бадиий дидга эга эканлиги олимлар томонидан таъкидланади.

 

фил. ф.д. М. Имомназаров /давоми бор/