Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Маҳмуд Кошғарий (1029-1102) 2-бўлим

By 16.09.2020No Comments

Кошғарий асари, ўзи таъкидлашича, «олдин ҳеч ким тузмаган ва ҳеч кимга маълум бўлмаган алоҳида бир тартибда» тузилган. Унда кўп шевашуносликка оид қиёсий қоидалар, грамматик, морфологик, лексик, семантик аломатлар кўрсатилган. Асар фойдаланувчиларга осонлик туғдириш учун содда ва лўнда ёзилган. Унда қадим турк алифбоси, фонетик қонуниятлар, орфоэпик ва орфографик қоидалар пухта тушунтириб берилган. Луғатда туркий сўз тузилиши анъаналари, жумладан сўз тартиби, феъл шакллари, сўз этимологиясига оид фикрлар баён этилган. Муаллиф кўрсатишича, китоб 8 бўлимдан, муқаддима ва хулосадан иборат. Ҳар бир бўлимда от-исм сўзлар, феъллар қулайлик учун алоҳида ажратиб берилган. «Девон»да 7500 дан ошиқ туркий сўз ва иборалар изоҳланган. «Девону луғатит турк» ҳам адабий тил, ҳам асосий туркий шеваларни қамраб олган бўлиб, ундаги адабий тил, шева унсурлари нисбати ўртача адабий тилдаги 10—12 сўзга, шевага оид бир сўзга тўғри келади, яъни умумтуркий адабий тилга айрича аҳамият ажратилган. Бу ҳолат ўша давр ислом минтақасида туркий адабий тил қанча кенг тарқалгани ва мустаҳкам мавқега эга бўлганини тасдиқловчи қатъий далилдир. Луғатда юзлаб киши исмлари, шаҳар ва қишлоқ, ўлка номлари, дарё, тоғ, яйлов, водий, дара, йўл, довон, кўл, сой каби жўғрофий атамалар, турли қабила, уруғ, элат, сайёра, юддузлар, фасллар тилга олинади. Унда изоҳланган грамматик кўрсаткичлар морфемалар ҳисоби ҳам мингга яқин.

Туркий халқлар тарихига оид қадимий афсона ва ривоятлар, 300 га яқин мақол ва маталлар, ҳикматли сўзлар, 700 сатрдан ошиқ шеърий парчалар ушбу асар саҳифаларидан ўрин олган. Шеърий парчаларнинг қўп қисми туркий халқлар оғзаки ижодига хос тўртликлардан иборат. Аммо «Девон»да келтирилган шеърий сатрлардан 150 сатрга яқини ислом даври шеъриятига хос бўлган «байт» типидаги маснавий, қасида, ғазал, қитъа парчалари бўлиб, уларни Кошғарий ўзи ҳам кўпинча «байт» деб атайди. Китобда 7 та эпик достон, ишқий қўшиқлар, пандномалар, коинот яратилишига оид асотир, шеърлар, табиат манзаралари тасвири, мадҳиялар, фалсафий мушоҳадалар учрайди. Кошғарий девонида келтирилган VIII—XI асрларга оид туркий шеърият намуналарида у ёки бу даражада аруз вазнига ўтиш мойиллиги сезилади. Арузнинг ражаз, рамал, мунсариҳ, ҳажаз, басит, қариб, мутақариб вазнлари туркий шеърият намуналарида ишлатилган бўлиб, айниқса ражаз баҳридан кенг фойдаланилган (44 парча). Бундай шеърларни муаллиф ўзи алоҳида уржузалар деб номлайди. Улар туркий халқ шеъриятида кенг тарқалган бўлиб, бу баҳр оҳанги туркий шеърият табиатига мос келишидан бўлса керак.

«Девон»даги эпик достон-қўшиқлар кўпроқ жангнома характерида бўлиб, баъзи йирик парчаларга шартли равишда «Тангутлар билан жангнома», «Ўйғурлар билан жангнома», «Ябаку билан жангнома» деб ном қўйилган. Улар ўз мазмунига кўра арабларнинг жоҳилия давридаги қабилалараро жанглар тасвирланган эпик ривоятларига ўхшаб кетади, фақат арабларда бу жанр насрий, туркий халқларда эса шеърий шакл устундир.

 

фил. ф.д. М. Имомназаров /давоми бор/