Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Маҳмуд Кошғарий (1029-1102) 1-бўлим

By 15.09.2020No Comments

Маҳмуд Кошғарий Марказий Осиёда илк ўрта аср маданиятининг буюк арбобларидан бўлиб, тилшунослик соҳасида, хусусан туркий тилларни ўрганиш соҳасида машҳур бўлди ва тариҳда ўчмас из қолдирди.

Маҳмуднинг отасини исми Ҳусайн, бобоси Муҳаммад бўлиб, келиб чиқишига ва тилига кўра Кошғарий нисбатини олган. У XI асрда туғилиб, яшаб ижод этди. Бу даврда Мовароуннаҳрда Сомонийлар ўрнини Қорахонийлар сулоласи эгаллаган, туркий адабий тил минтақада кенг урф бўла бошлаган эди. Ҳатто Аббосийлар халифалиги марказларида, азалдан араб ва бошқа сомоний халқлар яшаб келган ўлкаларда туркий элатлар намоёндалари кўпайиб, туркий тилга эътибор ошган эди. Маҳмуд Кошғарий ҳам ўзининг узоқ йиллар давомида бунёд этган «Девону луғатит турк» китобини ҳижрий 469 (1074/75) йилда тугаллаб, аббосий халифалар авлодидан бўлган баланд мавқели Абулқосим Абдуллоҳ бинни Муҳаммад ал-Муқтадога бағишлаган. Асарнинг асосий матни ўша даврда кенг минтақа мусулмон Шарқида, бутун Яқин ва Ўрта Шарқда дин, фан тилига айланган араб тилида ёзилган бўлиб, туркий тилнинг бойлигини, мазмундор ва ранг-баранглигини тушунтириш учун ёзилган, деб тахмин қилиш мумкин.

Маҳмуд Кошғарий Баласоғунда туғилиб, шу ерда йигитлик чоғларини кечирган бўлса ҳам, узоқ йиллар «Юқори Чиндан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган» туркий ўлкаларни, туркманлар, ўғузлар, чигиллар, яғмолар, қирғизларнинг шаҳарларини, қишлоқ ва яйловларини кезиб чиқди, турли шева ва лаҳжа хусусиятларини ўрганди, уларни адабиий тил билан чоғиштирди, ўз иши учун ниҳоятда бой материал тўплади. Луғат тузишда араб тилшунослари яратган анъанадан унумли фойдаланган ҳолда, ишга ижодий ёндашди, туркий тил қонуниятларини биринчи навбатда инобатга олиб китобига тартиб берди. /давоми бор/ фил. ф.д. М. Имомназаров