Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Мадинабону Маннопова: “Мусобақаларни жуда ҳам соғиндик”

By 22.09.2020No Comments

Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда ёпиқ ҳолатда йиғинни давом эттирмоқда. Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати терма жамоамиз аъзоси, бир нечта халқаро мусобақалар ғолибаси Мадинабону Маннопова билан суҳбатлашди.

– Баҳор ва ёз фаслидаги қаътий карантин даврида уйда қандай қилиб спорт формани сақлаб турдинглар?
– Карантин вақтида уйда ҳам машғулотларни тўхтатганимиз йўқ. Бир маҳал ZOOM дастури ёрдамида, бир маҳал якка ҳолатда шуғулландик. Мураббийларимиз ZOOM дастури орқали бизни назорат қилиб боришди. Бир сўз билан айтганда уйда ҳам бўш ўтирганимиз йўқ.

– Таэквондо спорт турида якка тартибда машғулот қилиш қанчалик қийин?
– Тўғри бизнинг спорт туримизда якка тартибда машғулот қилиш қийин. Лекин карантин вақтида кўпроқ индивидуал ҳаракатлар устида кўпроқ ишладик ва бу борада муаммо бўлгани йўқ. Албатта уйдаги машғулотлар йиғинлардаги машғулотлардан фарқ қилади. Лекин спорт формамизни йўқотмасликка ҳаракат қилдик. Юқорида айтганимдек бу борада мураббийларимиз бизни доимо кузатиб, назорат қилиб туришди.

– Расмий мусобақаларни ҳам соғиниб қолган бўлсангиз керак?
– Тўғрисини айтсам, мусобақаларни жуда ҳам соғиндим. Бунгача биз тез-тез халқаро мусобақаларда иштирок этиб турардик. Спорт мусобақа билан қизиқ. Турнирларнинг йўқлиги табиийки барчани зериктирди, аммо бунинг яхши томони ҳам бор. Айни пайтда бўлажак мусобақаларга янада яхши тайёрланиш, камчиликларимизни тўғрилаш устида кўпроқ ишлаш имконияти пайдо бўлмоқда. Насиб қилса карантин ортда қолиб турнирлар бошланса биз уларга тайёр ҳолда етиб борамиз.

– Ҳозирги йиғин қандай ташкил этилмоқда? Спортчилар карантин қоидаларига риоя қилишяптими?
– Албатта, йиғинни бошлашдан аввал барча спортчилар ва мураббийлар коронавирус учун тест топширдик. Худога шукур ҳеч кимда инфекция чиқмади. Ҳар куни шифокоримиз томонидан спортчиларнинг умумий ҳолати назорат қилинмоқда. Йиғин вақтида спортчилар базадан ҳеч қаерга чиқишлари мумкин эмас. Бу нарсани профессионал спортчи сифатида тўғри қабул қилдик ва машғулотларни бор кучимиз билан давом эттираяпмиз.

??? Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати