Skip to main content
Yangiliklar

Ибратли ҳикоя: НЕГА… НЕГА… НЕГА?..

By 21.09.2020No Comments

Сўз бошида эътиборингизга ўзим амин бўлган ва қалбимда асраб юрган бир ҳаётий ҳодисани қалам тилида сўзлаб бермоқчиман. Эътиборингиз учун олдиндан раҳмат!

Ооо… Ишхонада иш авжида… Жуда ҳам қизғин… Салкам “ёнмоқда”… Ҳа, ишхона ўз номи билан ишхона-да…

Шу дамда уйдан қўнғироқ бўлди:

“Ало… Ассалому алайкум, Дадаси… Яхшимисиз…”, дея ҳол сўради Бека Бекидан.

“Ҳа, нима гап… Тез-тез гапирақол… Ишларим кўп эди…”, дея саволга савол билан жавоб қилди Бек Бекасига.

Бу жавобдан Беканинг дами ичига тушди… Бироз гапиролмай жим қолди… Ичи ғалати бўлиб ачишиб кетди… Томоғида ўша ачишишнинг овозини эшитгандек бўлди, гўё… Ўзини одатдагидек яна аҳамиятсиз ҳис этди…

Шу дамда Бекдан “Гапирсангчи… Ишларим кўп… Нима гапинг бор эди… Тинчликми… Гапирсангчи…”, деган “ТОПШИРИҚ” келди…

У гапириш учун ўзида қандайдир куч топа олди ва деди:

“Дадаси, бугун кечқурун ёлғиз иккимиз янги машинангизда шаҳар марказидаги янги боғга бориб сайр қилиб келсак… Музқаймоқ еб-ми…”…

“Эээ, қўйсангчи… Ёш бола бўлдик-ми… Иш кўп, дедим-ку… Бугун ҳам ишдан жуда кеч чиқсам керак… Ҳа, айтмоқчи, раҳбаримнинг айтишича, ҳа демай “катта” одам бўлиб кетаман… Фақат ҳеч кимга айтма: мени яқинда бўлим бошлиғи этиб тайинлашмоқчи… Шу иш амалга ошсин меҳнат таътилига чиқаман… Ўшанда мазза қилиб оилавий дам олиб, ҳордиқ чиқарамиз…”, дея жавоб қилди БЕК…

Беканинг “Бироз тобим йўқдек, гўё… Ўзимни бошқача ҳис этаяпман… Юрагим БОШҚАЧА уриб, ҒАЛАТИ овоз бермоқда…”, деган навбатдаги ноласига Бек “Эээ, қўйсанг-чи… Хотинларга бало ҳам ўрмайди… Уларни жони қирқта бўлади… Олдин эрларини ўлдириб, кейин ўзлари яна ўлмасдан яшайверади…”, дея жавоб қилди ва камига ҳо-ҳолаб кулиб ҳам қўйди…

Бека енгил хўрсиниб, “Ҳа майли… Айтганингиз келсин… Мен болаларга қарай…”, дея МАЙИН, ҲОРҒИН ва ОМОНАТГИНА овозда Беки билан ХАЙРЛАШДИ…
Шом арафасида уйдан яна қўнғироқ бўлди. Бек жавоб тугмасини эзғилаб босар экан:
“Яна нима гап…”, дея гап бошлади…
АФСУСКИ энди жавобни БОШҚА ИНСОН берди… Ҳолатни баён этди…
Гўшакдан болажон ўғил-қизларининг “Ойижон… Ойижон… Нега индамайсиз… Ойижон…”, деган қий-чув йиғи овозлари, катталарнинг эса қандайдир тинимсиз маслаҳатли товушлари эшитилар эди…
Бек уммон қаърига ғарқ бўлган инсондек ўзин унутди…
“Ким нима деди?! Болаларим “Ойижон…”, деди-ми?!”, дея ўзи билан ўзи гаплаша кетди…

Боягина унга қўнғироқ қилиб, ундан ҳол сўраган, қалбидаги кутилмаган сирли хасталикдан хавотирланиб Бекини кўришга, ҳа-ҳа, фақат унигина кўришга талпинган, бунинг учун зорланиб ёлворган БЕКАСИ энди ЙЎҚ эди…
Бу ўшал Беканинг Бекига боғланган энг СЎНГИ ҚЎНҒИРОҒИ эди…
Бу ўшал Беканинг Бекидан энг СЎНГИ ҲОЛ СЎРАШИ эди…
Бу ўшал Беканинг Бекини кўришга бўлган энг СЎНГИ ТАЛПИНИШИ ва ЗОРЛАНИШИ эди…
Бу ўшал Беканинг Бекидан энг сўнги ёлворган ИЛТИМОСИ эди…
Ҳа, бу Яратган томонидан ўшал Беканинг қалбига ИЛҲОМ ҚИЛИНГАН энг СЎНГИ СУҲБАТ бўлди…

Боягина – тавба… нимагадир шошилиб эшитилган телефон қўнғироқ овозлари, ундаги МАЙИН, ҲОРҒИН ва ОМОНАТГИНА сўзлар БЕКАСИНИНГ энг СЎНГИ ҚЎНҒИРОҒИ ва СЎЗЛАРИ эди… Бу сўзларни қайта эшитиш имкони йўқ энди…

Ҳа, боягина унга қўнғироқ қилиб, ундан ҳол сўраган Бека аслида қалбидаги кутилмаган сирли хасталикдан хавотирланиб, унга даво излаган эди… Ул Бека Бекини кўришни ўшал дарди учун даво, деб билган эди… Ўшани даво, дея ахтарган эди…
Ҳа, ўшал БЕКА шунинг учун у билан сўнги бор сайр қилиб, бирга музқаймоқ ейишни хоҳлаган эди… Атиги шугинани илтимос қилган эди…
Сайр қилиш ёки музқаймоқ ейиш учун эмас, албатта! Балки, СУЙГАН ЁРИ БЎЛМИШ БЕКИ билан дилдан самимий суҳбат қуриш учун… Унинг тўймаган дийдорига қалб кўзлари ила тўйиб-тўйиб боқиб олиш учун…
АФСУСКИ, ул Бека энди ЙЎҚ… Ул Бек уни энди ҳеч қаердан ТОПОЛМАЙДИ…