Skip to main content
Yangiliklar

Фарзандингиз вазнини назоратда ушланг. Тошкент шаҳри, Учтепа туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА маслаҳати.

By 19.09.2020No Comments

Кўпинча қилтириқ, эти суягига ёпишган бола бизда салбий таассурот уйғотади. Унга ачинишга, соғлиғи ҳақида хавотирланишга тушамиз. Семиз бола-чи? Биз учун ундан яхшиси йўқ, саломатлигида ҳаммаси жойида, деб ўйлаймиз. Аслида ҳам шундайми? Йўқ! Бизнинг ҳавасимизни келтираётган дўмбоқ, бақалоқ болалар ҳар доим ҳам соғлом эмас. Ёшига номутносиб вазн тўплаш ҳам касаллик аломатидир.

Шаҳар болалари – хавф гуруҳида
Агар бола ўз ёшига монанд вазнидан 15 фоизга ортиқ бўлса, у семиз ҳисобланади ва бу тиббиёт нуқтаи назарига кўра кўнгилсиз ҳолатдир. Статистик маълумотга кўра, шаҳар болаларининг 8,5 фоизи, қишлоқда улғаяётган болаларнинг эса 5,5 фоизида семизлик қайд этилади.
Дунё педиатрлари болаларда ортиқча вазн кўрсаткичи борган сари ортаётганидан ташвишда. Бу аввало эндокринологларни ўйлантирмоқда. Шунингдек, семизлик юрак қон-томир, ошқозон-ичак, таянч-ҳаракатланиш, репродуктив, метаболик бузилишларни ясаши бунга қарши ўз вақтида курашиш лозимлигини тақозо этади.

Наслдан наслга ўтади

Болаларда семизлик бирламчи ва иккиламчи шаклларда кечади. Бирламчи семизлик алиментар деб ҳам аталиб, нотўғри овқатланиш ёки наслий мойиллик ортидан келиб чиқади. Иккиламчи семизлик эндокрин омиллар, масалан, қалқонсимон бездаги муаммолар билан боғлиқ.
Семизликнинг биринчи даражасида бола меъёрий вазни 15-24 фоиз, иккинчи даражада 25-49 фоиз, учинчи даражада 50-99 фоиз, тўртинчи даражада 100 фоизга ортади. Аксарият болалар биринчи ва иккинчи даражадаги семизликка дучор бўладилар.
Агар ота ва онанинг ҳар иккисида семизлик кузатилса, бу болаларга 80 фоиз ҳолларда ўтади. Фақат онадаги семизлик 50 фоиз, отадаги бундай ҳолат эса 38 фоиз эҳтимол билан фарзандларга мерос қилинади.

Семиз болада витамин кам бўлади
Чақалоқ 4 кг.дан зиёд вазн билан туғилса, илк ҳафтларда меъёрдан кўп вазн йиғса, сунъий озиқланса, у келажакда семизликка рўбаро келиш хавфи остида қолади. Мактаб ёшидаги бола одатда нотўғри овқатланиш ва кам жисмоний ҳаракат сабаб семириб кетади. Тез сўрилувчи углеводлар (ширинликлар) қаттиқ ёғлар (“фаст-фуд”), газланган сув, табиий бўлмаган шарбатлар, шакарли чой боланинг ортиқча ва носоғлом равишда вазн тўплашига асосдир. Бундай болаларда оқсил ва витаминлар танқислиги юзага келади.
Камҳаракат, спорт билан шуғулланмайдиган, фаол ўйинлар ўйнамайдиган, ўтирган жойида ақлий меҳнат билан кўп шуғулланадиган, компьютер ва телевизорга ружу қўйган болалар ҳам семизликка мойил бўладилар.

Вазн гормонал муҳитга таъсир қилади

Cемизликнинг сабаби бир қанча ирсий касалликлар, масалан, Даун синдроми, Коэн синдроми, туғма гипотиреоз, энцефалит, менингит, мия ичи жароҳати, бош мия шишлари, нейрохирургик аралашувларга бориб тақалиши мумкин. Баъзида бола руҳиятидаги туб ўзгаришлар, масалан оиладаги бахтсиз ходиса ёки мактабга чиқиш каби эмоционал ҳолатлар ҳам тўсатдан кўп вазн йиғишга асос бўлади.
Меъёрдан кўп овқатланиш ва кундалик таомномада углеводларга кўп ўрин берилиши гормонал муҳитни бузади. Жумладан, инсулин гормони хаддан ортиқ ишлаб чиқарилади. Ёғларнинг кўплиги эса адренокортикотроп гормон миқдори юқорилашга олиб келади. Боланинг иммунитети тушиб, аллергия, шамололлаш, қабзият ва бошқа касалликларга мойиллиги ортади. Боланинг асосан қорни, бели, кўкраги, қўли ва юзини ёғ босади. Жисмоний ҳаракатларда ҳансираб қолади..

Шифокорнинг тезкор кўригини талаб этади
Иккиламчи семизлик алоҳида касалликлар асорати сифатида бўй кўрсатади. Масалан, туғма гипотиреоз мавжуд бола бошини тутиш, ўтириш, эмаклаш, юриш, тиш чиқишида соғлом болалардан ортда қолади. Бундай болалар семиришга мойил бўлади. Организмда пролактин гормони миқдори кўплигидан семириш содир бўлса, асосан кўкрак қафаси шишиб, сут безлари катталашади. Қизларда тухумдонлар поликистози сабаб ҳам семириш кузатилиши мумкин. Бунда юзда ёғ тўпланади, хуснбузар чиқади, хайз цикли бузилади.
Одатда ортиқча семиз болаларда атеросклероз, гипертония, диабет, стенокардия, панкреатит, сурункали холецистит, бавосир, қабзият, ичакда муаммолар, гепатоз, жигар циррози аниқланади. Сколиоз, артроз, яссиоёқлик учун шароит яратилади. Келажакда бепуштликка юз тутиш хавфи остида бўлади. Тенгдошлари орасида кулгига қолиши жиҳатидан, албатта, руҳиятга ва жамиятга мослашишига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.
Демак, фарзандида ортиқча вазнни пайқаган ота-она шифокор назоратига шошилиши лозим. Бола педиатр, невролог, эндокринолог, генетик, гастроэнтеролог кўригидан ўтиши талаб этилади. Ташхис олдидан қондаги глюкоза, холестерин, триглицерид, оқсил миқдори аниқланади. Шунингдек, пролактин, инсулин, Т4, ТТГ, эстрадиол, картизол гормонлари миқдори ҳам текширилади. Қалқонсимон без УТТ, гипофиз бези МРТдан ўтказилади. Зарурат туғилганида ЭЭГ текшируви буюрилади.

Соғлом турмуш тарзи зарурати
Нафақат бола, балки оиланинг таомланиш ҳолатини қайта кўриб чиқиш, фойдали ва тўғри овқатланишни йўлга қўйиш муҳим. Болани стресслардан йироқ тутиш, соғлом ҳаёт тарзига одатлантириш, жисмоний фаолликни ошириш даркор. Кўп вақтини табиат қўйнида ўтказиш, тоғ ён бағирларига саёҳат уюштириш наф беради. Организм зўриқиб қолмаслиги учун вазн ташлаш аста-секин амалга оширилади.