Skip to main content
Yangiliklar

Абул-Муъийн ан-Насафий (1027-1114) 3-бўлим

By 22.09.2020No Comments

«Баҳр ул-калом» асари аллома ижодининг гултожи ҳисобланиб, ислом дини фалсафасини ташкил қилган калом илми бўйича энг қимматли манбалардандир. Бу китобнинг бир қанча қўлёзма ва китобий нашрларининг мавжудлиги ҳам унинг муҳим манбалардан эканлигидан далолат беради ва унинг қимматли қўлёзма нусхалари Дубайдаги Жумъа ал-Можид номли маданият ва мерос марказида, (1167 ҳижрий йилда кўчирилган), Дамашқдаги аз-Зоҳирия кутубхонасининг қўлёзмалар бўлимида, Бағдоддаги «Мактабат ал-Авқоф»да, Қоҳирадаги машҳур «Дор ул-кутуб»нинг қўлёзмалар бўлимида сақланади. Ушбу қўлёзманинг 950 ҳижрий йилда оддий хат билан кўчирилган нусхаси Искандария (Миср)нинг «Мактабат ал-баладиййа» номли кутубхонасида ҳам бор. Acap муҳим манба сифатида икки марта нашр ҳам этилган. Жумладан, 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада чоп этилган. Лекин ушбу нашрлар тадқиқотсиз амалга оширилган бўлиб, фақат acap матнидан иборат.

«Баҳр ул-калом»га айрим шарҳлар ҳам битилган. Жумладан, Олим Бадруддин Ҳасан Ибн Абу Бакр Аҳмад ал-Макдиси (1415 йили вафот этган) асарга бағишлаган шарҳини «Ғоят ал-маром фи шарҳи «Баҳр ал-калом» деб атаган. Бу шарҳнинг бир қўлёзма нусхаси Қоҳирадаги «Дор ул-кутуб»да, бошқаси Мисрдаги «ал-Мактабат ал-Ҳадйавайа»да сақланади. Таниқли араб олими Ҳожи Халифа ҳам ўзининг машҳур «Кашф уз-зунун» асарида «Баҳр ул-калом»га ёзилган фақат шу шарҳ ҳақида зикр қилган, холос.

Сирасини айтганда, Буюк ватандошимиз Абу ал-Муъийн ан-Насафий ҳаёти ва илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш маданиятимиз тарихини ёритишда катта аҳамиятга эгадир.

фил. ф.н. У. Уватов