Абул-Муъийн ан-Насафий номи билан машқур бўлган алломанинг тўлиқ номи Маймун ибн Муҳаммад Муътамид ибн Макҳул бўлиб, 1027 йилда Насаф (Қарши)да таваллуд топган. Узоқ йиллар Бухоро ва Самарқандда яшаб ижод этган олим ҳақидаги айрим маълумотларни насафлик бошқа бир олим — Умар ибн Муҳаммад ан-Насафнинг «Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд» («Самарқанд олимлари зикрида қанддек (ширин) китоб») номли асарида учратиш мумкин. Асарда келтирилишича: «Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абу ал-Муъийн ан-Насафий илмининг денгизидин баҳра топиб, ул таратғон зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртғонлар». Аллома 1114 йили — 87 ёшида Самарқандда вафот этган.
IX-X асрларда ислом кенг тарқалган Яқин ва Ўрта Шарқ, Марказий Осиё ўлкаларида ислом илоҳиёти, фалсафаси, калом илми ривож топди. Бу соҳаларга бағишланган қатор асарлар ва калом масаласи билан шуғулланувчи йирик мутакалимлар вужудга келди.
Калом илмининг бир қанча йўналишлари бўлиб, улардан ал-ашъариййа ва ал-мотуридиййа йўналишлари ғоятда кенг тарқалган. Ал-ашъариййа мактабининг асосчиси бағдодлик олим Абдул Ҳасан ал-Ашъарий (873—935), ал-мотуридиййа мактабининг асосчиси самарқандлик таниқли олим Абу Мансур ал-Мотуридий (870—944) таълимотидан сабоқ олган ан-Насафий асосан ал-мотуридиййа мактабига мансуб Ғаззолийнинг маслагига амал қилган олимлардан ҳисобланган. Ўз навбатида ал-Ийжий (1355- йилда вафот этган), Саъдуддин ат-Тафтазоний (вафоти 1390 йил) ва бошқа кўплаб таниқли олимлар ан-Насафий таълимотига таянган ҳолда фаолият кўрсатиб, калом илмида баракали ижод этиб, етук олимлар даражасига кўтарилганлар.