Skip to main content
Yangiliklar

Таэквондо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бекор қилинди

By 11.08.2020No Comments

Бутунжаҳон таэквондо кенгаши барча иштирокчиларнинг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш мақсадида таэквондо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини бекор қилди. Бу ҳақда worldtaekwondo.org сайти хабар берди.

Ҳисоб бўйича XII ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 2020 йилнинг 14-18 октябрь кунлари Болгария пойтахти София шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди.

Видеоконференция орқали йиғилиш ўтказган Кенгаш бир овоздан Бутунжаҳон таэквондо оиласининг хавфсизлигини биринчи ўринга қўйди. Аъзо миллий ассоциациялар, Бутунжаҳон таэквондо қўмиталари, шу жумладан Тиббий ва антидопинг қўмитаси кенг қамровли маслаҳатлашувлардан сўнг соғлиқни сақлаш миллий идораларининг кўрсатмаларига биноан бу йилги Жаҳон чемпионатини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.

2020 йилги ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпиони мезбони ҳисобланган София 2022 йилги ушбу мусобақани қабул қиладиган бўлди.

“Таэквондо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини бу йил Софияда ўтказа олмаганимиздан жуда хафамиз ва ушбу мусобақага тайёргарлик кўрган барча ёш спортчилар учун афсусдамиз. Аммо биз доимо таэквондо оиламизнинг саломатлиги биринчи ўринда туриши кераклигини аниқ тушуниб етдик. Барча манфаатдор томонлар, шу жумладан тиббиёт мутахассислари билан пухта муҳокамадан сўнг, биз бу йилги Жаҳон чемпионатини ўтказиш хавфсиз бўлмайди деган фикрга келдик. Мазкур мусобақа 2022 йилда Софияда ажойиб тарзда ўтишига шубҳа қилмаймиз”, – дейди Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чой.

??? Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати