Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Носир Хисрав (1004-1088)2-бўлим

By 12.08.2020No Comments

Носир Хисрав сарой аҳли, реакцион кучлар қувғинидан қочиб умрининг сўнгти 20 йилини Юмғонда ўтказди ва кўп асарларини Юмғонда (Бадахшондаги қишлоқлардан бири) ижод этди. Унинг салкам чорак асрлик умри шу ерда ўтди ва ўша ерда 1088 йилда вафот этди. Носир Хисравнинг қабри ҳам шу жойдадир. Кейинчалик бу табаррук маскан шоир ижоди ихлосмандларининг зиёратгоҳига айланди.
Носир Хисравнинг оилавий ҳаётига доир аниқ маълумотларга эга эмасмиз. Манбаларда бу ҳакда ҳеч қандай далиллар учрамайди. Унинг сарсон-саргардонликда ўтган умри, тазйиқу таъқиб этишлар, қувғиндаги йиллар алломанинг уйланиши, бола-чақа кўришига имкон бермаган кўринади.
Носир Хисрав адабий, илмий, фалсафий, ҳикматий асар ва рисолаларини ўша давр анъанасига кўра, дарий ва араб тилларида яратди. Бизгача мутафаккирнинг иккита шеърлар девони (бири форсий, иккинчиси араб тилида), «Рушноинома», «Саодатнома» маснавийлари, «Зодул-мусофирин», «Хон-ул-ихвон», «Дин важҳи», «Бўстон ул-уқул», «Жомеъ ул-ҳикматайн» каби маънавий-диний асарлари, тўқсон икки фалсафий, мантиқий саволларга жавоб усулида ёзилган насрий рисола ва машҳур «Сафарнома»си етиб келган.
Носир Хисравнинг форс тилидаги шеърлар девони диний-мазҳабий, фалсафий, ижтимоий-ахлоқий ва ишқу ошиқлик баҳсига бағишланган қасида, ғазал, рубоий, фарз, қитьа сингари жанр намуналаридан иборатдир. Девондаги шеърлар 11000 байтни ташкил этади.
«Рушноинома» — ихчам маснавий бўлиб, 592 байтдан иборат. Асарда донишманднинг диний, фалсафий, маърифий, ижтимоий-ахлоқий қарашлари рангин мисраларда юксак шоирона назокат ила куйланади.
«Саодатнома» уч юз байтдан иборат бўлиб, унда «Рушноинома»даги айрим масалалар такрорланган. Шунингдек, бир қатор фалсафий-ахлоқий муаммолар ўз ривожини топган.
Носир Хисрав ўзининг маънавий ҳаёти, диний-фалсафий дунёқараши жаҳатидан ботиния ва исмоилия мазҳабининг издоши ва ҳаким-устозларидандир. Исмоилия фирқалари ягона-ботиния атамаси билан юритилади. Мазкур диний-фалсафий мазҳаб Қуръоннинг (ички) маъносига тарафдор. Ботинийлар қарашига кўра, «Қуръон»ни ҳазрати Али ибн Абутолиб ва унинг дўсту суҳбатдошлари ҳақиқий маъносини биладилар. Мазкур мазҳаб аҳли таълимотига кўра, Худо оламнинг мабдаъи, асл вужудидир ва инсон ақли-ла Худони билиб олишга қодир эмас. Инсон ўз ақли билан Мутлақ вужуднинг ташқи зоҳирий томони — кулл ақлни билиб олиши мумкин. Кулл ақл Худодан ажралган, тажаллий этган руҳий моҳиятдир. Кулл ақлдан эса жаҳоний жон ёки нафси кулл, унинг оқибати сифатида жисмоний олам, ундаги мавжудотлар вужудга келган. Инсон ноқис жону ақлга эга, комиллашиш учун у покланиши лозим. Мутлақ вужудга етишиш учун йўлловчи шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларини босиб ўтиб, ҳақиқий — абадий олам — Худойи таоло васлига ета олади.
Носир Хисрав мазкур ботиния — исмоилия мазҳабининг асосчиларидан ҳисобланади. У «Рушноинома» асарининг «Тавҳид» бобида ўз ақидасини баён этиб ёзадики, Худои таоло яккаю ягонадир, унга шерик йўқ, унинг аввали ва охири йўқ. Инсон Худони фикру андиша ила жисмоний кўз ҳиссиётлари орқали била олмайди. Фақат руҳий кўз, қалб кўзи билангина мушоҳада этиши — кўриши мумкин.
фалс. ф.д. М. Болтаев