Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Райҳон Беруний (973-1048)3-бўлим

By 03.08.2020No Comments

Беруний Аристотелнинг натурфилософияси билан бевосита шуғулланиши натижасида Аристотель қарашларига танқидий ёндашиб, ҳатто заиф томонларини танқид этиш даражасига бориб етди.
Берунийнинг Аристотелга муносабати иби Сино билан ёзишмасида ўз ифодасини топган. Уларнинг ёзишмалари асосан Аристотелнинг «Фазо ҳақида» ва «Физика» асарлари бўйича олиб борилган эди. Беруний Аристотелни қадимги дунёнинг энг қомусий етук олими деб зўр ҳурмат билан тилга олади.
Берунийнинг бошқа дунёлар мавжудлиги тўғрисида тахмини унинг илмий ютуқларидан бири ҳисобланади.
Олимнинг фикрлари, бир томондан, Марказий Осиё, қадимги юнон ва ҳинд мутафаккирларининг илғор анъаналарини ижодий ривожлантирган бўлса, иккинчи томондан, Берунийнинг етуклиги, тафаккур доирасининг кенглигидан далолат беради. Беруний томонидан «сабабларнинг сабаби» — инсон ва инсоният жамиятининг юзага келиши масаласининг қўйилиши диққатга сазовор. «Қадимги тарихларнинг энг қадимгиси ва энг машҳури башариятнинг бошланишидир». Бу ерда Беруний кишилик жамиятининг пайдо бўлиши ҳақида рационализм позициясида турганини кўрамиз. Беруний инсонлар ўртасидаги тафовут борлиги ҳақида гапирар экан, у фақат ташқи фарқлар тўғрисида фикр юритган. Лекин кишиларнинг ички тузилиши ва ташкил топиши, унинг фикрича, барчада умумийдир. У инсон билан маймун ўртасида ўхшашлик борлигини қайд этади.
Беруний ўзининг «Ҳиндистон» асарида мусулмонлар билан ҳиндларнинг урф-одатлари ўртасидаги фарқларни таҳлил қилиб, улар географик шароитларга боғлиқ деган фикрни илгари сурди, географик омилнинг ролини таҳлил қилишни давом эттириб, ҳатто тилларнинг турличалиги ҳам географик шароитларга боғлиқ деб қаради. «Тилларнинг турлича бўлишига сабаб одамларнинг гуруҳларга ажралиб кетиши, бир-бирларидан узоқ туриши»дир.
Беруний ижтимоий ҳаёт ўзига хос «шартнома» асосида тузилишини эътироф этади: «Инсон ўз эҳтиёжларини тушуниб, ўзига ўхшаш кишилар билан бирга яшашнинг зарурлигини англай бошлайди. Шунинг учун ўзаро келишувчанлик қабилидаги «шартнома» тузишга киришади. Одамларнинг биргаликдаги турмуши инсонни ҳақиқий қудратга, унинг эҳтиёжларини қондиришга олиб келмайди, бунинг учун яна меҳнат қилиш ҳам зарурдир». Бу фикрни давом эттириб, «инсоннинг қадр-қиммати ўз вазифасини аъло даражада бажаришдан иборат: шунинг учун инсоннинг энг асосий вазифаси ва ўрни меҳнат билан белгиланади, инсон ўз хоҳишига меҳнат туфайли эришади», — деб ёзган эди у.
фалс. ф.д. А. Шарипов