Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Абдуллоҳ Рудакий (858-941)

By 06.08.2020No Comments

Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рудакий Самарқанд яқинидаги Панжрудак қишлоғида, деҳқон оиласида туғилди. Бу даврда Мовароуннаҳр Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Сурия билан савдо ва маданий алоқаларни яхши йўлга қўйган эди.
X асрда Бухоро, Самарқанд, Урганч, Марв, Нишопур, Балх, Зарафшон водийсининг юқори қисми ҳунармандчилик, савдо ва маданий марказларга айланган эди. Айниқса, Бухоро шаҳри IX—X асрлардаёқ Шарқнинг энг йирик маданий марказларидан бири бўлган.
Рудакий ёшлигиданоқ шеъриятга ихлос қўйди, ўз замонасининг машҳур чолғучиси Абул Аббос Бахтиёр қўлида мусиқадан маълумот олди. Дастлабки маълумотни ўз қишлоғида олган Рудакий ўқиш учун Самарқандга борди. У ерда чуқур билим олиб, тез орада адабиёт ва санъат соҳасида ҳам донг чиқаришга муваффақ бўлди.
Бухоро ҳукмдори Наср II ибн Аҳмад Сомоний (914—943 йилларда ҳукмронлик қилган) даврида Рудакийнинг шоирлик шуҳрати Бухоро ва умуман Шарққа кенг тарқалди. Рудакий асарларига эътибор берилса, унинг астрономия ва қадимги юнон фалсафасини ҳам яхши тушунганлигини кўриш мумкин.
Сомонийлар давлатининг кўзга кўринган давлат арбоби, Наср II ибн Аҳмаднинг яқин дўсти Абуфазл Балъамий Рудакий ҳақида «У фақат машҳур шоир бўлибгина қолмай, балки ўз даврининг етук олими ҳам эди», деб баҳо берган.
Наср II ибн Аҳмад Сомоний Рудакийни ўз саройига таклиф этгандан сўнг, унинг ҳаётининг кўп қисми Бухорода ўтди. Унинг кўзи ожиз бўлган. Қадимги манбаларда, унинг онадан кўр туғилганлиги ҳақида нақллар бор. Баъзи олимларнинг фикрича, у саройдан қувилиши олдидан кўзига мил тортиб кўр қилинган. Рудакий қариган чоғида қувғинга учраган, ўз қишлоғига қайтиб фақирлиқда умр кечирган. У 941 йилда оламдан кўз юмди ва ўз ватанида дафн этилди. Бу жой халқнинг зиёратгоҳига айланди.
Рудакийнинг адабий меросидан бизгача минг байт етиб келган (2 қасида, 50 рубоий, шеърлар, достон ва бошқалар). Аммо XII аср шоири Рашид Самарқандийнинг таъкидлашича, биронта шоир Рудакий сингари кўп асар ёзган эмас. Баъзи олимларнинг фикрича, Рудакий бир миллион уч юз минг мисра шеър ёзган. Муҳаммад Авфийнинг хабар беришича, Рудакий юзта тўплам (дафтар) ёзган.
фалс. ф.д. М. Б. Баратов