Skip to main content
Yangiliklar

Ибратли ҳикоя: Бўладиган бола

By 03.08.2020No Comments

Абдуллоҳ ёшлигидан тиришқоқ, кичик бўлишига қарамай, кекса отасига ёрдам бериш учун тинмай ҳаракат қиларди. Отаси Мурод ота анча кексайиб қолган, ёши олтмишдан ошган бўлиб, оғир меҳнат қилса, тез толиқиб қолади. Чарчаганини билдирмасликка ҳар қанча ҳаракат қилмасин, барибир кексалиги ошкора қилиб қўярди. Отасини доимо кузатиб юрган, аҳволини англаб етган кенжа Абдуллоҳ имкон қадар унга ёрдам беришга уринади. У кекса отасининг ҳарсиллаб кетмон чопишини кўриб руҳан эзилади. Абдуллоҳнинг кетмон чопишга кучи етмаса-да, отасига сездирмай токларнинг остини юмшатишга, ер чопишга ҳаракат қилди.
Эрта тонгда эшагини миниб, чошгоҳгача молларга икки-уч марта ўт олиб келар, тушдан ке¬йин яна шундай қиларди. Ҳамма ўйин билан овора бўлганида, у меҳнат қиларди. Вақт топди дегунича қўлига китоб олиб мутолаа қиларди. Ота-онаси бирон маротаба ўт олиб кел, ер чоп, кито¬бинг-ни ўқигин, деб айтмасди, юракдан меҳнат қилар ва тиним билмасди. Онаси бўлса, “Кўп китоб ўқийверма”, деб чироқни ўчириб қўярди. Шунга қарамай, илм олишга қизиқувчан бола фона¬рини ёритиб кўрпанинг ичида китоб ўқирди. У олдига катта мақсад қўйган: “Ўқиб етук инсон бўла¬ман, отамнинг оғирини енгил қиламан, онамга кўмакдош бўламан”, деб тинмай ҳаракат қиларди. Баъзи ёши катта болалар уни масхаралаб камситишганда: “Ҳали шошмай туринглар, келажакда олим бўламан. Ўшанда Абдуллоҳ-нинг ким¬ли¬гини кўрасизлар, ҳаммангиз ялиниб олдимга борасизлар!” дерди. Мурод ота фарзандини доимо дуо қиларди. Мурод ота қўшниси Темир ота билан гаплашиб ўтирганида, эшакка ўт ортиб келиб туширишга қийналаётган Абдуллоҳга қараб:
– Шу ўғлингдан катта одам чиқади. Ҳеч ти¬ним билмайди. “Бўладиган бола ўн беш ёшда бош бўлар, бўлмайдигани қирққа кирса, ёш бўлар”, деган мақолни эшитгансан-а, шу мақол сенинг ўғлингга ўхшаган ғайратли болаларга айтилганов. Менга қара, Мурод, ўғлингни ишла деб урасанми? – деди кўзига тикилиб.
– Нима деяпсан, бу болани уриб бўларканми? Ўзининг ғайрати ичига сиғмайди. Бошқаларга ўхшаб ўйнагин, дам ол десам, қулоқ солмайди.
Абдуллоҳ мактабни тугатиб, олийгоҳда ўқиди. Уни битириб, катта олим бўлди. Отасини эъзоз¬лаб, бошларига кўтариб, дуосини олди. Уни яхши таниганлар: “Сен дуо олгансан, сен билан ўйна¬шиб бўлмайди!” дердилар. Ҳа, “Бўладиган бола бошидан” деб бежизга айтилмаган.