Skip to main content
Yangiliklar

Бир йил олдин Тошкентда таэквондо тарихидаги энг катта флешмоб бўлиб ўтган эди

By 08.08.2020No Comments

2019 йилнинг 8 август санасида Тошкентда таэквондо бўйича йирик флешмоб ташкил этилди. Бутунжаҳон такэвондо федерацияси президенти бундай юқори сифатли тадбир дунё таэквондоси тарихида илк маротаба ўтказилганини ва у Ўзбекистонда бўлганини айтди.

Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси кадетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати доирасида яна бир аҳамиятли тадбирга қўл урди. Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдонида, аввало, соғлом турмиш тарзини, шунингдек, таэквондони тарғиб қилиш йўлида катта флешмоб ташкил этилди. Унда ушбу спорт турида катта ютуқларга эришган ҳамюртларимиз, юзлаб маҳаллий ва Жанубий Кореядан келган ёш таэквондочилар ўз маҳоратларини намойиш қилишди. флешмобда жами 2019 нафар иштирокчи қатнашди.

Ушбу тадбирни жаҳон таэквондо федерацияси раҳбари Чунгвон Чой ҳам катта қизиқиш билан кузатиб борди. Мартабали меҳмонга Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раҳбари Шерзод Тошматов ҳамроҳлик қилишди.

Тадбирда меҳмонларга таэквондо бўйича Жаҳон чемпионати учун тайёрланган махсус ролик намойиш этилди. Шундан сўнг 2019 йил июль ойида юртимизда катта тантана остида ўтган “Олимпия куни”га бағишлаб тайёрланган ролик намойиш этилди. Табиийки, бундай катта масштабдаги спорт тадбири Чунгвон Чойни ҳам таъсирлантирмай қолмади.

“Гўзал Тошкентда илк бор бундай оммавий спорт тадбирида иштирок этмоқдаман. Бу юрт фарзандларидаги таэквондога бўлган муҳаббат бизга янада куч беради. Бугунги беллашувда Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг дастлабки медалини қўлга киритди. Ишонаманки, чемпионат давомида ўзбекистонлик таэквондочилар олтин медалларга сазовор бўлишга ҳам қодир. Ўзбекистон таэквондо ассоциациясида мусобақага тайёргарлик учун қисқа вақт бўлишига қарамасдан жаҳон чемпионатини баъзи катталар ўртасидаги турнирдан ҳам чиройли тарзда ташкил этишга муваффақ бўлди. Ушбу мусобақани юқори савияда ташкил этишда бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентига, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига чуқур миннатдорчилик билдириб қоламан. Бундай катта флешмоб таэквондо тарихида ҳеч қачон бўлмаган. Мазкур чемпионатга бағишланган ролик тайёр бўлиши билан уни жаҳон таэквондо федерациясининг сайтига жойлаб, ташкилотимизга аъзо 209 мамлакат федерацияларига намуна сифатида кўрсатамиз”, – деган эди Чунгвон Чой.

Флешмоб давомида Чунгвон Чой 13 нафар ёш ўзбекистонлик таэквондочига исмли белбоғларни топширди.

Таъкидлаш жоиз, бундай тадбирларнинг ўтказилиши ёшларимизда спортга бўлган меҳрнинг уйғониши, уларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун катта туртки бўлиб хизмат қилмоқда.

 

 


??? Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати