Yangiliklar

Устоз отангдек улуғ ёхуд Максим Рафалович билан суҳбат

By 29.07.2020 No Comments

Мураббий бўлиш унинг ўзига яраша қийинчиликларига бардош бериш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Бежизга унинг тоши оғрида деб қўйишмайди. Энг эътиборлиси мураббийлик фаолиятини бошлашдан аввал спортчи бўлса демак танганинг икки томонига ҳам эътибор беради бу инсон. Изланувчан, харакатчанг ва меҳнатсевар мураббийлар сафига биз бемалол Максим Рафаловични ҳам қўшсак хато қилмаган бўламиз. Дастлаб спортчи номини ўз танасида хис этиб, унинг сир-асрорларини мукаммал ўрганиб, техник-тактик томонларини ипидан-игнасигача тўлиқ бажара олган ҳолда мамлакат терма жамоаси сафида турли нуфуздаги халқаро мусобақаларда юрт шарафини муносиб химоя қилган Осиё чемпионати совриндори Максим Рафалович билан суҳбатлашамиз.

– Максим Ассалому алайкум! Якка курашнинг таэквондо турини танлашингизга ким сабабчи бўлган? Спортдаги эришган натижаларинингиз хақида ўзингиздан эшитмоқчи эдим.
– Ва алайкум ассалом! Одатда акалар ўз укаларини бирор- бир спорт турига етаклаб боради бизда эса аксинча, мени укам Никита айнан шу спорт тури билан шуғуллана бошлади ва ота-онам менга ҳеч бўлмаса ўз соғлигинг учун шуғулланиб кўр деган эдилар. Шундай қилиб мен укам билан биргаликда машғулотларда қатнаша бошладим, кўплаб дўстлар ортирдим. Вақти келиб шунчаки қизиқиш мен учун катта спорт эшигини очилишига сабабчи бўлди. Мамлакат миёсидаги мусобақалар, халқаро турнирлар ва кейинчалик Қитъа чемпионати ва Осиё ўйинларида эришган натижаларим мени терма жамоа сафида ўз ўрним бор эканлигини кўрсатди. Билсангиз ўша вақтларда манашу натижалар мен учун унча катта ютуқ эмасдек эди гўё. Энди билсам ҳар бир ғалаба, ҳар бир медал спортчи учун қадрли экан.

– Ғалабали серияларнинг бошланиши қийин кечмадими?
– Албатта мағлубиятсиз ғалаба бўлмайди. Кетма-кет муваффақиясизлик сўнгра 2007 йили илк бор Мамлакат чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган бўлсамда 2013 йилга қадар халқаро мусобақаларда шохсупадан жой олиш насиб этмаган. Тажрибам ортиб боргани сари мен етакчи спортчилардан бирига айландим қитъа биринчилигида икки бор бронза медалига эга чиқдим. Осиё ўйинларида кумуш ва Гран-При турнирида учинчи ўриндан жой олдим.

– Агарда таэквондо билан шуғулланмаганингизда спорт оламидаги қай бир турни танлаган бўлар эдингиз.
– Очиғини айтсам ота-онам бизни профессионал даражада шуғуллунадиган спортчи бўлишимизни кутмаганлар лекин гувоҳи бўлганингиздек мен ҳам укам ҳам спортдамиз. Албатта барча ўсмирлар футболга қизиқади балки футболчи бўлишим мумкин эди. Таэквондони кўпчилик якка кураш санъати дейди тўғри рақиб билан ишлайсиз лекин ақл билан тактик харакат қилиш таэквондонинг асосий мезони, мен бу турни шахматга қиёслайман.

– Терма жамоа таркибида эдингиз ва мураббийлик фаолиятини бошлаш фикри қачон пайдо бўлди?
– Ўтган йили шундай қарорга келдим. Унинг устига укам Никитага ҳам ҳар томонлама ёрдам беришни ният қилдим. Айрим вазиятларда инсон ўзига тўхта деб айтмагунча давом этаверади. Мен эса кейинги босқичга ўтиш фурсати келганлигини англадим. Демак энди устозларимдек мураббий бўламан.

– Мураббий худди оила бошидек гап. Демоқчиман уйда фарзанд ўз отасига қараб шаклланиб борса машғулотларда мураббий ҳам спортчиларни ўз фарзандидек кўриб уларга мехр бермаса салбий оқибатларга олиб келиши мумкин шундайми?
– Бежизга айтишмайди устоз отангдек улуғ деб. Демак мураббий манашу номга муносиб бўлиши керак. Боғбон ниҳолни экиб уни суғоради, керак вақтда буталайди, керак вақтда совуқдан – иссиқдан асрайди. Бугунги кунда қўл остимда шуғулланаётган ҳар бир болага алоҳида эътибор бериб қарайман. Улар орасидан кимдир чемпион бўлар яна кимдир бошқа соҳани танлар лекин вақти келиб шу спортчилар ҳамиша машғулотларни мураббийларини эслаб юришади.

– Мураббий ҳам тажриба ортириб бориши керак, демоқчиман мураббийлар учун шароит яратилганми? Чунки бугунги куннинг талаби замон билан ҳамнафас бўлишни тақозо этади?
– Ўзбекистон таэквондо ВТ ассоциацияси ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан мураббийлар малакасини ошириш учун жорий йил бошида Туркияда тренерлар курси ташкил этилди. Мамлакатимизда ҳам амалий ва назарий семинарлар ўтказилди.

– Айни шу кунларда вазият оғир ва карантин ҳолатида мураббий ўзини қандай тутиши керак деб ўйлайсиз?
– Барча мураббийлар билан биргаликда иш режасини тузиб олганмиз ва албатта бу ҳол бизни янги тажриба асосида иш олиб боришга ўргатди. Zoom платформаси орқали спортчилар билан онлайн машғулотлар олиб боряпмиз, муҳими рухий тетиклик ва жисмоний ҳолатни йўқотмаслик керак.

– Асосий иш услубингиз қандай?
– Мураббий ўз шогирдига вазифа бердими албатта уни натижасини сўраш керак. Ҳар бир бола ўқилмаган китоб- демак спортчининг кайфиятига қараб у билан гаплашишни, қалбига қулоқ солишни ўрганиш мураббий учун муҳим. Қачонки спортчи билан тил топиша олсангиз ўшанда яхши натижага эришиш мумкин.

– Сизни кўпроқ кимлар қўллаб-қувватлайди?
– Тушкун кайфиятда бўласизми, хурсандчилик онларидами ҳамиша ота-онам,оилам ва укам мени қўллаб-қувватлаб туради. Оиладек муқаддас гўша бўлмаса керак инсон учун. Керак бўлса улар бизнинг ғалабаларимиз учун ўзларини қурбон қилишга ҳам тайёр. Мен уларга таъзим қиламан ютуқларим ва ҳаётда ўз ўрнимни топганим учун.

🥋🇺🇿 Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати