Skip to main content
Yangiliklar

Шикастланиш хавфи юқори спорт турлари рейтинги

By 13.07.2020No Comments

Жуда катта жисмоний куч талаб қиладиган ғалабалар ортида шифокор-травматолог билан учрашувлар ҳам муқаррар. Бугун биз энг кўп учрайдиган шикастланишлар қайси спорт турларида тез-тез қайд этилиши ҳақида гаплашамиз.

Энг кўп шикаст етказадиган турлар рейтингида биринчи ўринни футбол ва волейбол эгаллайди. Иккала жамоавий спорт тури ҳам жуда динамик, жараён тезкор суръатлар билан ўзгариб туради ва оғир иш юкламаси мавжуд. Футболда – кўпинча машғулот ва мусобақаларда жароҳат тизза ва тўпиқ бўғинларида, волейболда – елка ва билак бўғимларида учрайди.

Жароҳатланиш сони бўйича иккинчи ўринда боксчилар туради. Бокс анъанавий равишда соғлиқ учун энг хавфли ҳисобланади. Чунки боксда олинган ҳар бир нокаут ёки нокдаун – бу бошнинг ёпиқ жароҳати демакдир. Мия тўқималарида кичик қон кетиш, кўз шикастланиши (кўз тўр пардаси кўчиши) – бу рингда олинган шикастланиш натижасида юзага келадиган соғлиқ учун хавфли шикастланишлар рўйхати. Тирсак бўғимлари, билаклар, панжа ўзаги суяклари тез-тез шикастланиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, улардан бокс қўлқоплари ҳам қутқармайди.

Бугунги рейтингимизда учинчи ўринни жиддий ёриқлар, бўғимлар шикастланиши, пайлар ва мушакларнинг чўзилиши билан спорт гимнастика эгаллайди. Биринчи навбатда – умуртқа поғонасига (эгилгандаги юкламалари туфайли жуда жиддий зарба), билак бўғими (қаттиқ таянч ҳолатида, айланиш пайтидаги юклама билан) жароҳатланади.

Тўртинчи ўрин полвонлар ва сузувчилар ўртасида бўлинади. Уларда елка ротацияси (айланиши) учун масъул мушакларнинг пайлари кўпроқ азоб беради. Ушбу спорт турларида жароҳатларнинг кўлами жуда кенг: бўғимларнинг жиддий дислокациясидан тортиб то мениск жароҳатигача, хочсимон боғламалар ва қулоқлар шикастланишигача киради.

  • Спорт тиббиётида, ҳатто шундай нарса бор: «курашчининг қулоқлари». Ушбу спорт вакиллари ёқадан кескин ушлашлари ва ноқулай йиқилиш туфайли қулоқлар бироз деформацияланади.

Қишки спорт турлари ҳам жиддий жароҳатлар сони бўйича ёзгиларидан кам эмас.

Рўйхатимизнинг бешинчи поғонасидан хоккей жой олди. Бу мутлақо асосли, чунки ўйин давомида хоккейчилар соатига 40-50 км гача тезликни оширадилар. Спортчининг оғирлиги (оғир хоккей ускуналари бундан мустасно) 70-90 кг ни ташкил этишини ҳисобга олсак, ушбу спорт турида кўпинча елка ва тизза бўғимларига кучли зарба тегишидир. Хоккейчиларнинг яна бир қисмати – соатига 180 км тезликда учиб кетадиган шайбанинг юзга, кўзларга, бурунларга шикаст етказишидир. Муз майдони жангчилари тирсак ва биринчи кафт орқаси бўғимлари касалликларидан кўпроқ азият чекадилар, доимий жароҳат улар клюшкага ёпишиш ва уриш натижасида келиб чиқади.

Тоғ чанғичилари ва фигурали учувчилар ҳам шунга ўхшаш муаммоларга дуч келишади. Улар чанғи таёқларини юқори тезликда бошқариб, биринчи бармоқ бўғимларини доимий равишда зўриқтиришга мажбур бўладилар. Ушбу динамик қишки спорт тури вакилларининг тизза ва тўпиқдан олган шикастланишлар миқдорига кўра барча спорт травматологиясини ўрганиб олиш мумкин.

Велоспорт рейтингни якунлаб беради. Кутмаганмидингиз? Aслида, ушбу спорт футболдан кўра деярли хавфлироқ деб тан олинган. Велосипедчилар жароҳатлари майда-чуйда (йиқилишдан кейин пайдо бўладиган шилинишлар)дан жуда жиддийгача (оғир бош жароҳатлари, синиш). Тоифасидан қатъий назар, ҳаваскор ва профессионал спортчилар тенг даражада сурункали шикастланишлардан азият чекишади: тендинитлар, мушак ва бўғим оғриқлари, бел умуртқаси билан боғлиқ муаммолар, бўйин оғриғи. Буни жуда аянчли статистика тасдиқламоқда: фақатгина AҚШда велосипед ҳайдаш чоғида бахтсиз ҳодисалар натижасида келиб чиқадиган жароҳатларни даволаш учун 8 миллиард долларга яқин маблағ сарфланган.

  • Бўлажак ва ҳозирги давр чемпионлари муаммолар ва жароҳатларнинг кўпини нафақат мусобақаларда, балки машғулотларда ҳам олишади.

Яхшиямки, бугунги кунда спортчилар тиббий техниканинг энг сўнгги ютуқларидан тўлиқ фойдаланишади, бу уларга мураккаб операцияларни ўтказиш ва одамни тез-тез жарроҳлик аралашувисиз спортга қайтариш имконини беради. Масалан, артроскопия каби операция туфайли одам ўша куни операция қилинган оёғида қадам қўйиши мумкин. 3-4 ҳафта ўтгач, профессионал машғулотларга ва бирламчи юкламаларга қайтишининг иложи бор.

Манбалар:

https://blog.decathlon.ru/interesnye-fakty/top-5-samyh-travmoopasnyh-vidov-sporta.html

https://xn--b1ahgrjafjgng.xn--p1ai/article/samye-rasprostranyonnye-travmy-zimnix-vidov-sporta-

https://www.stada.ru/health/stadapedia/sportivnye-travmy.html