Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Райҳон Беруний (973-1048) 2-бўлим

By 30.07.2020No Comments

Беруний ўз асарлари рўйхатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири «Минералогия»дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ, ҳатто Оврўпода ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади. Берунийнинг охирги асари — «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб»ининг қўлёзмаси XX асрнинг 30-йилларида Туркияда топилди. Асар «Сайдона» номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифини беради.
Беруний шогирди Абу-л Фадл ас-Сарахсий маълумоти бўйича 11 декабр 1048 йилда вафот этган.
Беруний сўнгти авлодларга катта илмий мерос қолдирди. Берунийнинг ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари қолганлиги бизга маълум. Юқорида кўрсатиб ўтилган катта ҳажмдаги асарларидан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакогаозия, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар ярат-ди ва сансқрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржималар қилди, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеърлар ёзди. «Астрологияга кириш», «Астрономия калити», «Жонни даво-ловчи қуёш китоби», «Икки хил ҳаракатнинг зарурлиги ҳақида», «Кўпайтириш асослари», «Птолемей «Алмагести»нинг санскритчага таржимаси», «Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар», «Фарғоний «Элементлар»ига тузатишлар», «Турклар томонидан эҳтиёткорлик», «Оқ кийимлилар» ва карматлар ҳақида маълумотлар», «Шеърлар тўплами», «Ал-Муқанна ҳақидаги маълумотлар таржимаси», «Ибн Сино билан ёзишмалар» шулар жумласидандир.
Беруний қадимги юнон илми ва унинг вакиллари Аристотель, Платон, Птолемей, Евклид кабиларнинг асарлари ҳинд олимлари, мусулмон олимлари ал-Хоразмий, Фарғоний, Баттоний, Розий, Абу Таммам, ибн Кайсум, Абу Маъшар асарлари билан яқиндан таниш бўлган, уларга шарҳлар, изоҳлар, тузатишлар, раддиялар ёзган. Унинг илмий мероси ғоят ранг-баранг бўлиб, тиббиёт фанига, астроно-мия фанига хизмати жуда каттадир. Беруний ўз илмий асарларида дунёнинг тузилиши масаласида Птолемей системасига суянса ҳам, ернинг ҳаракати ҳақида Беруний: «Ернинг ҳаракатсизлиги (масаласи) астрономия фанининг асосий масалаларидан бири бўлиб, бу ҳақда юз берадиган шубҳаларни ечиш қийин», — деб ёзади. Осмон жисмларини геометрик тушунтириш асосида Беруний Коперникдан бир неча аср аввал Ерни коинотнинг маркази деб билувчи геоцентрик ва Қуёшни коинот маркази деб ўргатувчи гелиоцентрик тизим тенг кучга эга, деган хулосага келади. «Геодезия» асарида Беруний геоцентризм билан боғлиқ бўлган баъзи бир назарияларнинг тўғрилигига шубҳа билан қараганини очиқдан-очиқ баён этади. Беруний ҳаракат траекторияси ва осмон ёритқичлари шаклининг эллипсоид эканлиги ҳакида биринчи бўлиб фикр юритган олимлардан бўлиб, жойларнинг географик узоқлигини, кенглигини аниқлаш йўлларини танлаб олишда новатор ҳисобланади. У тригонометрияни, геометрияни кенг қўллаш орқали ўзидан оддинги астрономларга нисбатан анча аниқ натижаларга эришди. Турли жойларнинг географик кенглиги ва узоқлигини аниқлашда Беруний эришган натижалар ҳатто ҳозирги замон олимларини ҳам ҳайратда қоддиради. Буюк олим Ер юзасининг ҳар бир қисми ўзининг узоқ тарихий тараққиётига эга эканлигини қайд этади. Марказий Осиёнинг баъзи бир минтақалари, шу жумладан, Амударё водийсининг геологик ривожланишини биринчи марта жиддий ўрганишга ҳаракат қилган ҳам Берунийдир. Унинг Амударё водийсининг геологик ўтмиши ва Орол денгизининг пайдо бўлиши ҳақидаги хулосалари ўша замоннинг энг муваффақиятли геологик таҳлилларидан бири бўлиб ҳисобланади. Олим «Денгизлар қурукликка, қуруқликлар эса денгизга айланади» деган назарияга суянади. Берунийнинг фойдали қазилмалар қатламининг пайдо бўлиши, жинслар емирилишининг аҳамияти, тоғ жинсларининг нураши кабилар ҳақидаги хулосалари катта илмий аҳамиятга эгадир. У тоғларнинг пайдо бўлиши ва йўқ бўлиб кетиши табиий омиллар асосида юз беришини талқин этувчи назарияни олға суради.
фалс. ф.д. А. Шарипов