Шоир рисолаларидан манбаларда келтирилган баъзи бир парчалар таржимасини берамиз: «Ҳурмат эҳсон билан баробардир… Дўстлашиш мурожаат эмас, хушмуомалаликлар, хушмуомалалик эса чуқур текшириш ва ўрганишни узоққа чўзмайди ҳам, ҳисоб ва сарфни кўтармайди ҳам. Карамли киши таҳқирланса ҳам азиздир… Сабабсиз узр гуноҳдир, ишонч йўқолиши билан қилинган такаллуф ҳақоратдир. Эҳтиётсиз (қилинган) дори-дармон касалликдир, унга ҳожат тушгандагина, у шифо бўлади… Олижаноб киши агар (биров) жароҳатланса, (уни) боғлаб қўяди, йиртса ямайди, агар бир томондан зарар келтирса, ҳар томондан фойда келтиради… Олий-ҳиммат зафарининг каромати (шундаки), агар қўлга киритса, (бошқаларга) беради, пасткаш зафарининг қабиҳлиги шундаки, агар қўлга киритса, кўпроқ қўлга киритишни истайди… Оталар икки хил: туғилиш отаси ва таълим бериш отаси, биринчиси жисмоний ҳаёт сабаби, иккинчиси руҳий ҳаёт сабабидир… Карамли киши гўзаллик билан савдо қилади, мол билан савдо қилмайди… Ғазаб ҳурматни унутади, яхшиликларни кўмиб юборади ва гуноҳсизлар учун жиноятлар вужудга келтиради. Калбаки мақташ ҳақоратлашдир. Пойдеворсиз қурилган бино қулайди… Муҳаббат ҳар қандай қиммат нарсанинг баҳосидир ва ҳар қандай юқори нарсанинг шотисидир… Агар ҳокимият атрофида адолат ҳукм сурмаса, у инқирозга юз тутади… Ростгўй тил ёлғон сўзласа, тутилиб қолади».
Яна бир бошқа рисоласида шундай ёзади: «Одамлардан шундай (борки, ҳокимиятни) бошқарганда, нафси уни амалдан туширади, одамлардан шундайи борки, лавозимдан бўшаганда, фазилати уни яна ўрнига ўтказади», «Кимки одамлар қалбларини овлайман деса, унга эҳсон ва мурувват донларини сепиши, фазл ва олийжаноблик тузоқларини қўйиши керак».
Ал-Хоразмий шеърлари асосан қасида, ғазал, васф ва ҳажвиётдан иборат. Агар унинг қасидалари амир ва вазирларга бағишланган бўлса, ҳажвий шеърлари эса асосан амалдорларга ҳамда ўз рақиби шоир ва адиб, мақома жанрининг асосчиси Абулфазл ал-Ҳамадонийга (вафоти 1007 й.) қарши қаратилган. Ишқий мисралар, маҳбубни тараннум этиш ҳам ал-Хоразмий ижодида асосий ўринни эгаллайди.
Унинг шеърларига хос нарса шуки, шоир тазминни (ўз шеърига бошқа шеърни киритиб кетиш) жуда кўп қўлланган.
Ўша вақт шоирларида кексаликдан шикоят қилиш жуда кенг тарқалган эди. Ал-Хоразмийнинг ҳам қарилиқдан нолиб ёзган шеърлари анча учрайди. Масалан: «Соч оқидан шикоят қилиб, унга зулм қилаётганингни кўриб турибман, соч оқи бир экин (бўлса), унинг уруғи умрдир. У гўё шароб, хумор уни ўзига жалб қилади, ахир хумори ҳажв қилиниб, шароб мақталарди-ку».
Ал-Хоразмий ижодида шаробни мақтаб ёзилган шеърлар ҳам учрайди, лекин шоир майнинг киши ҳаёти учун зарарли эканини ҳам унутмаган:
«Коса ва чўнтакнинг иккаласини (баробар) тўлдиришга ҳукм қилмаган, косани тўлдириш учун чўнтак бўшатиш керак», дейди шоир.
Жамият учун иллат бўлган ишёқмас, дангаса кишилар ҳақида ёзар экан, улардан ҳазар қилишга даъват этади:
«Дангасанинг ҳожатида унга ҳамроҳ бўлма, қанча солиҳ кишилар бошқанинг фасоди билан бузилиб кетмадилар». Бошқа бир шеърида ёзади:
«Улуғ одам кичик одамнинг суҳбати билан кичик бўлмайди, балки кичик одам улуғ одам хизматида улуғ бўлади». Яна бир шеърида:
«Икки нарса кишида бирлаша олмади: динорларга муҳаббат ва дўстга муҳаббат». Бошқасида:
«Қачон замонани койисанг, сабр килувчини койиган бўласан, сен йиғлайсан, койилаётган (замона) эса кулади» в. б.
Абу Бакр Муҳаммад ибн ал-Аббос ал-Хоразмийнинг бой ижодий мероси барча шарқ ва ғарб олимлари томонидан қизғин ўрганилган ва ўрганилмоқда.
Ас-Саолибий «Йатимат ат-Даҳр» асарида ал-Хоразмий ҳақида махсус тўхтаб, уни «Замонасининг энг доноси, одоб денгизи, наср ва назмнинг туғи, фазл ва идрок оламидир. Ажойиб ва ибратли балоғатни (ўзида) мужассамлаштирганди», деб таърифлайди.
Ас-Саолибий ал-Хоразмийнинг ўз мулоҳазасининг ўткир, гўзал ва ишонарли бўлиши билан ҳар қандай йиғилишда ғолиб чиқиши, унинг рисолалар девони жилдларга ажратилиб кенг тарқалган, шеърлар девони ҳам худди шундайлигини алоҳида таъкидлаб ўтади.
Ўрта аср муаллифлари Утбийнинг «Тарихи ал-Йамини», ибн ал-Асирнинг «Комил фи-тарих», ибн Халликоннинг «Вафайат ал-ъайн» ва Қаҳҳолнинг «Муъжам ал-муъаллифин» каби асарларида Абу Бакр ал-Хоразмий асарларига юқори баҳо берилиб, у ҳақида қимматли маълумотлар келтирилгандир. Шунингдек, ал-Хоразмийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида Оврўпо олимлари В. Альвардт, К. Брокельман, X. Гибб ва бошқалар ўз ишларида эслаб ўтишган.
Абу Райҳон Беруний ўз ижодида ал-Хоразмийнинг бой ижодий меросидан кенг фойдаланган.
Ал-Хоразмий Марказий Осиёда X аср адабий ҳаётидаги араб тилида ижод этган машҳур адиб ҳамда сўнгти бадиий жараёнга катта таьсир кўрсатган ижодкор сифатида тилга олинади.
илмий ходим И. Элмуродов