Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Али ибн Сино (980-1037) 3 – бўлим

By 25.07.2020No Comments

Биринчи китобда тиббиётнинг назарий асослари, унинг предмети, вазифалари, бўлим ва методлари, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, белгилари, соғлиқни сақлаш йўллари, киши анатомияси ҳақида мазмундор, аниқлиги билан кишини таажжубда қолдирувчи қисқача очерк, соғлиқни қандай сақлаш кераклиги ҳақидаги таълимот (кейинчалик гигиена деб номланган) баён этилади.
«Қонун»нинг бу китобини ҳозирги замон ички касалликлар пропедевтикаси дарслигига тенглаштириш мумкин.
«Қонун»нинг оддий дориларга бағишланган иккинчи китобида 800 га яқин дорининг хусусиятлари, уларни тайёрлаш ва истеъмол қилиш усуллари баён этилган. Ибн Сино симоб, унинг бирикмаларини дори қилиб ишлатишни биринчи бўлиб тавсия этади, шаробни қувватга киритувчи, жароҳатларни тозаловчи дори сифатида ишлатади.
Учинчи китобда айрим органлар (ҳатто соч, тирноқлар)нинг касалликлари, уларни даволаш усуллари баён этилади, уни махсус патология дарслиги деб атаса ҳам бўлади. Бу китобда бош мия, нерв, кўз, қулоқ, бурун, томоқ, қорин, тиш, юрак, жигар, буйрак касалликлари батафсил таҳлил қилинади.
«Қонун»нинг тўртинчи китоби организмнинг умумий касалликларига бағишланган. Унда иситмалар, ўсмалар, уларнинг сабаби, хирургик касалликлар (суяк синиши, чиқиши, жароҳатланиш) ва уларни даволаш усуллари ҳар хил дорилардан заҳарланиш ва бунда кўриладиган чоралар тўғрисида маълумот берилади. Чечак, қизамиқ, мохов, тоун, вабо ва бошқа юқумли касалликлар тасвир этилади.
«Қонун»нинг бешинчи китобида мураккаб дориларнинг организмга таъсири, уларни тайёрлаш, истеъмол қилиш усуллари баён қилинган. Бу китоб доришунослик илмига — фармакологияга бағишланган.
Тиббиётнинг асосий вазифаси, унинг таъбирича, «инсон соғлиғини сақлаш, агар касаллик пайдо бўлган бўлса, бу касалликни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш ва уларни йўқотиш орқали соғлиқни тиклашдан иборат». Ибн Сино фикрича, тиб илмида назарий билимлар ва амалиёт ўзаро боғлиқ бўлиши, бир-бирига асосланмоғи зарур, акс ҳолда у ривож топмайди, ўз мақсадига эриша олмайди. «Тиб илми аввало икки қисмга — назарий ва амалий қисмларга бўлинади… Назария деб аталувчи қисми табибларнинг фикрларини ифода қилиб, махсус амалия деб аталадиган қисми тадбир ва амалнинг қандай бўлиши кераклигини ўргатади. Тибнинг амалий қисми иккига бўлинади. Биринчи қисми соғлом танларнинг тадбирини билиш: бу соғлиқни сақлашга тааллуқли бўлгани учун соғлиқни сақлаш илми деб аталади. Иккинчи қисми — касал таннинг тадбирини билиш бўлиб, соғлом ҳолатга қайтариш йўлларини кўрсатади, бу даволаш илми деб аталади». Ибн Сино касалликни ўрганишда объектив шароитни ҳар томонлама билишга катта аҳамият берди, муҳитдаги турли табиий нарсалар, сув, ҳаво орқали касаллик тарқатувчи кўзга кўринмайдиган «майда ҳайвонотлар» ҳақидаги фикрни олға сурди.
«Қонун» 800 йил давомида ҳакимлар учун асосий қўлланма бўлиб келди. Ўрта асрларда «Қонун» Шарқдагина эмас, балки Ғарб мамлакатларининг университетларида ҳам талабалар учун тиббиётдан ягона қўлланма эди.
Ибн Синонинг «Китоб уш-шифо» асарида турли тиббиёт имларига: ботаника, геология, минералогия, астрономия, математика, кимёга оид кўп маълумотлар келтирилади. Унинг тоғларнинг вужудга келиши, ер юзасининг даврлар ўтиши билан ўзгариб бориши, зилзиланинг сабаблари каби турли жараёнлар ҳақидаги фикрлари кейинчалик геология илмининг мустақил равишда ривож топишига катта таъсир кўрсатди. Айрим жойларнинг бир вақтлар денгиз бўлганлиги, шу сабабли қаттиқ қатламларда турли денгиз ҳайвонларининг излари сақланиб қолганлиги ҳақида ҳам турли мисоллар асосида фикр юритилади; метеоритлар, вулканлар ҳақида маълумотлар келтирилади. Минералогия илмининг ривожида ҳам ибн Синонинг хизмати катта. У минералларни 4 гуруҳга ажратади: 1) тошлар; 2) эрийдиган жисм (метал)лар; 3) олтингугуртли ёнувчи жисмлар; 4) тузлар.
академик М. М. Хайруллаев