Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Али ибн Сино (980-1037)2 – бўлим

By 24.07.2020No Comments

Ибн Синонинг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Ибн Синонинг илмий қизиқишлари, дунёқарашининг шаклланишида қадимги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим роль ўйнади. Ибн Сино таржимаи ҳолида Форобийнинг «Метафизика мақсадлари», «Фусус ул-ҳикам» каби муҳим рисолаларини қунт билан ўрганганлиги, улардан кенг фойдаланганлигини таъкидлаб ўтади.
Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, феодал урушлари, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда ибн Сино аввало табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан биридир, холос. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган. Унинг бизга маълум бўлган катта асари «Китоб уш-шифо» («Шифо китоби») 22 жилддан иборат бўлиб, 4 та катта бўлимини мантиқ, физика, математика, метафизикага доир масалалар эгаллаган. Унинг айрим қисмлари лотин тилига, Оврўподаги бошқа тилларга, шарқ тилларига, шунингдек, рус, ўзбек тилларига таржима килинган. 20 жилддан иборат бўлган «Китоб ул-инсоф» («Инсоф китоби») бизгача етиб келмаган, чунки Исфаҳондаги ёнғинда йўқолган. «Китоб ун-нажот» («Нажот китоби») 4 катта кисмдан — мантиқ, физика, математика, метафизикадан иборат, «Китоб лисон ул-араб» («Араб тили китоби») 10 жилдни ташкил этади. «Донишнома» форс тилида ёзилган бўлиб, 4 қисмни — мантиқ, физика, математика, метафизикани ўз ичига олади (Рус тилига таржима этилган, бир қисми ўзбек тилида босилган).
Ибн Сино асарлари ўрта асрларда Оврўпода илмий тил ҳисобланган лотин тилига, у оркали Оврўпонинг бошқа тилларига таржима этилган. Ибн Сино илмий рисолалардан ташқари, чуқур фалсафий мазмунли бадиий образлар ва маълум воқеалар орқали ифода этувчи «Тайр қиссаси», «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон» каби фалсафий қиссалар яратган.
Ибн Сино замонасининг етук шоири ҳам бўлган. У Шарқ, хусусан, форс поэзиясида рубоий жанрининг асосчиларидан бири бўлиб, рубоийлари ўзида чуқур фалсафий хулосаларни ифодалайди. Ибн Сино арабча қитьалар ҳам ёзган (Унинг шеърий мероси қисман рус ва ўзбек тилларида нашр этилган). Ибн Сино табобат масалаларини оммабоп ҳолда назм билан изоҳловчи «Уржуза» номли тиббий асар яратди. Унинг Аристотель (Арасту) таълимоти хусусида Абу Райҳон Беруний билан ва ўзининг шогирди — озарбайжонлик мутафаккир Бахманёр билан ёзишмалари фан оламида машҳур. Айниқса, табобат, у билан боғлиқ ҳолда анатомия, психология, фармакология, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби илмлар ибн Сино ижодида бир қанча янги ихтиролар билан бойиди ва янги босқичга кўтарилди. Булардан ташқари, кимё, минералогия, астрономия, математика, ўсимлик дунёси, геологик жараёнларни ўрганиш соҳасида ҳам у янги-янги фикрларни олға сура олди. Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги асарларидан «Китоб ал-қонун фит-тибб» («Тиб қонунлари»), «Китоб ул-қуланж» («Ичак санчиқлари»), «Китоб ун-набз» («Томир кўриш ҳақида китоб»), «Фуж ул-тиббийа жориа фи мажлисиҳ» («Тиб ҳақида ҳикматли сўзлар»), «Тадбир ул-манзил» («Турар жойнинг тузилиши»), «Фил-ҳиндубо» («Сачратқи ўсимлиги ҳақида»), «Рисола фи-дастур ит-тиббий» («Тиббий кўрсатмалар ҳақида») каби асарлари мавжуд. Унинг тиббиётга оид қомусий асари «Китоб ал-қонун фит-тибб» 5 мустақил катта асардан таркиб топган: уларнинг ҳар бири маълум соҳани изчил, ҳар томонлама ёритиб беради.
академик М. М. Хайруллаев