Қува – Фарғона вилояти Қува туманидаги шаҳар, 1974 йил 23 июлдан туман маркази. Фарғона шаҳридан 40 км шарқда. Яқин станцияси 4 км аҳолиси 40 минг киши Қува Фарғона водийсидаги энг қадимги шаҳарлардан бири. Шаҳарнинг вужудга келиши ва номи ҳақида турли ривоятлар мавжуд. “Фарғона тарихи”нинг муаллифи Ибратнинг ёзишича, Қубод (ёки Қубо) деб аталиб, кейинчалик “Қува” шаклини олган. Қува ва Даван давлати тўғрисида дастлабки маълумотлар милоддан аввалги 2 асрга мансуб Хитой манбаларида келтирилган. Ўша даврда Қува кенгайиб қўҳандиз, шаҳристон ва рабод каби уч қисмдан иборат бўлган. Шаҳар тевараги икки қатор қалин ва баланд мудофаа девори билан ўралган. Рабодда баланд (3,6 м) яхлит тагкурси устида будда ибодатхонаси қад кўтарган. Ибодатхона 8 аср бошларида араблар томонидан вайрон қилинган. 9-12 асрларда Қува Фарғонанинг йирик, кўркам ва обод шаҳрига айланган. Истахрийнинг таъкидлашича, Қува катталиги жиҳатидан Фарғонада Ахсикатдан кейин иккинчи шаҳар ҳисобланган. Ибн Ҳавқалнинг ёзишича, Қува Сайхун (Сирдарё)гача етиб борадиган наҳр соҳилида қад кўтарган. Унинг марказида Регистон майдони, кўҳандизда жоме масжиди, рабодида эса сарой, қамоқхона ва бозорлари жойлашган. Қува мўғуллар истилоси оқибатида вайрон этилиб, 14-16 асрларда қасаба шаклидаги масканга айланган. Ёқут Ҳаммавий Қувани катта шаҳар деб атайди. Шаҳар Mаҳмуд Қошқарийнинг “Девону луғотит турк” асарига илова қилинган харитасида кўрсатилган. Қувада ҳунармандчилик ривожланган. Темирчилик ва шишасозлик юксак даражага етган, шаҳарнинг ўз тангаси зарб қилинган. “Бобурнома”да Андижондан 4 оғоч (фарсах)нарида жойлашган қишлоқ деб айтилади. Қувада 1956-60 йилларда Я. Ғуломов бошчилигида (В.Жуков, И. Аҳроров, В.А.Булатова, А.Муҳаммаджонов, Ҳ.Муҳамедов, М. Аминжонова) археологик қазишма ишлари олиб борилди. Арxеологик маълумотларга кўра, ўрта асрларда Қуванинг умумий майдони 100-120 га ни ташкил этган. Шундан шаҳристон 12га ва унинг шимолий-шарқий бурчагидаги арки аъло 1га майдонни эгаллаган (шаҳристон ва арк қолдиқлари ҳозиргача сақланган). 1998 йил Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейига тайёргарлик кўриш вақтида Қувада археологик қазишмалар олиб борилди. Бунинг натижасида шаҳристоннинг мудофаа девори остидан 8м дан зиёд чуқурликдан милоддан аввалги 2-1 асрларга оид моддий маданият буюмлари топилди. 1998 йилдаги қазишма ишлари натижасида шаҳарнинг уч дарвозаси ўрни аниқланди, шаҳар харобаси ҳудудидан турар жой бинолари мажмуаси ва унинг шимолида 7-8 асрларга оид будда ибодатхонаси ҳамда у ердаги будда илоҳлари ҳайкаллари топилди. Қувадан бир қанча машҳур кишилар, хусусан , Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қубовий, Рукниддин Қубовий, Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Қубовий, Абдуқаюм Вахмий, Шокиржон Ҳакимий ва бошқалар етишиб чиққан.Шаҳарда пахта тозалаш, ғишт мебель, тикувчилик, қандолатчилик фабрикалари, дон маҳсулотлари, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, қурилиш ташкилотлари, йўлларни таъмирлаш ташкилоти, таъмирлаш –қурилиш бошқармаси, “Иссиқнон”, тўқимачилик корхоналари, деҳқон бозорлари, савдо маркази, анор шарбати ишлаб чиқарувчи цех, автокорхона бор. Болалар мусиқа мактаблари, лицей, клуб муассасалари, туман марказий болалар кутубхоналари, маданият ва истроҳат боғи, байналминал жангчилар, 2 жаҳон уруши қатнашчилари хиёбонлари, Аҳмад ал-Фарғоний ёдгорлик мажмуи, ўлкашунослик музейи, стадион мавжуд.