Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Қаффол аш-Шоший (904-976) 3-бўлим

By 26.06.2020No Comments

Қаффол аш-Шошийнинг қаламига мансуб бўлган шеърлар ас-Субкий асарига кириб қолган. Бу парчадан маълум бўлишича, Византия императори билан араб халифаси ўртасида жанжалли ёзишмалар бўлади. Бу ёзишмаларда Византия императори араб халифалигига дўқ ва пўписа билан мурожаат қилиб, бир вақтлар унинг ерлари бўлган, ҳозир эса Бағдод халифаси эгаллаб турган ўлкаларни тинчлик билан, осонликча уларга қайтариб беришни талаб қилади. Византия ҳукмдорлари мактубни баландпарвоз чиқиши учун уни араб тилида шеър билан битадилар. Шеър ҳошимийлар хонадонидан бўлмиш ҳукмрон халифага деб аталган. Мактубда шундай сатрлар ҳам бор:
«Биз шердек отилиб чиқиб, ўз ерларимизни эгалладик. Дамашқ ўлкаси эса ота-боболаримиз маскани эди, биз бу диёр мол-мулкига эга бўламиз, Мисрни ҳам қиличимиз тиғи билан эгаллаймиз. Ҳижоз, Бағдод, Шероз, Рай, Хуросон, Қуддус, Шарқу Ғарб ҳаммасини эгаллаймиз» деб халифа ва унинг саркардаларига дағдаға солади, уларни айёрлик билан қўрқитмоқчи ва ниҳоят уларни осонликча қўлга киритмоқчи бўлади. Худди мана шу воқеалар бўлган кезда Қаффол аш-Шоший Бағдод шаҳрида бўлади. У халифаликда иқтидори зўр олим, сарой аъёнлари ўртасида яхшигина қонуншунос, забардаст шоир сифатида танилган эди. Шу сабабдан Византия ҳукмдорининг лашкарбошиси Тағфур (араб манбаларида Такфур) хатига жавоб ёзишни халифалик номидан Қаффол аш-Шошийга топширилади. Бу ҳам аллома аш-Шошийга нисбатан катта эҳтиром эди.
Қаффол аш-Шоший мактубни ўқиб кўриб, ўша мактуб ёзилган шеър вазнида ва ўша тарздаги қофияда Тағфур номига араб тилида жавоб шеърини ёзади. Византияликларга мана шу аш-Шоший ёзган жавоб хатининг етмиш тўрт байти (148 йўли) юқорида зикр қилинган Тожиддин ас-Субкийнинг «Табақат аш-Шофииййа» асари ичида сақланиб қолган. Ас-Субкийнинг ёзишича, византияликлар, хусусан, унинг лашкарбошиси Тағфур аш-Шошийнинг бу жавоб шеърини ўқиб, даҳшатга тушади. Сўнг лашкарбошилар бундан таажжубга тушиб, бир-бирларидан сўрашибди:
— Бу жавобни ёзган киши ким бўлди экан, у қайси юртдан экан, халифаликда биз бундай истеъдодли зот борлигини билмас эдик-ку?
Хуллас Византия лашкарбошиларини Қаффол аш-Шошийнинг дипломатия тарзида ёзилган жавоб мактуби эсанкиратиб қўяди. Воқеанинг нима билан тугашининг бугунги кунда аҳамияти йўқ, лекин бу биргина мисол орқали Қаффол аш-Шошийнинг забардаст давлат арбоби, ҳозиржавоб шоир эканлиги маълум бўлади.
Қаффол аш-Шоший шундай улуғвор ва довюрак шоир, ажойиб бир шахс бўлган. Афсуски, унинг адиблик, шоирлик, тилшунослик, мантиқшунослик фаолияти билан деярли ҳеч ким шуғулланмади, унинг жадал диалектикага оид асари ҳам ўрганилган эмас.
Манбаларнинг кўрсатишича, бағдодлик Хўжа Муҳаммад Номий деган олим Қаффол аш-Шоший қўлида ўқиган, натижада у билан қалин дўст бўлиб қолган экан. Шу киши ўз оиласи билан бирга аш-Шошийга эргашиб Тошкентга келган, умрининг охиригача шу ерда қолиб кетган. Қаффол аш-Шоший 976 йили Тошкентда вафот этган ва шу ерда дафн этилган. Ҳозир Тошкентнинг халқ орасида «Ҳастимом» деб аталадиган жой шу мўътабар зотга нисбатан айтиладиган ном «Ҳазрати имом»нинг қисқаргани бўлади. Аслида бу жойнинг номи Ҳазрати Имом Қаффол аш-Шошийдир. У кишининг қабрлари теграсида Тошкентда машҳур бўлган мўътабар зотлар дафн этилган.
Қаффол аш-Шоший мақбараси Тошкентнинг энг эски, кўзга кўринган табаррук бир қадамжоси саналади.

ф.ф.д. А. Ирисов